23:52 / 09.08.2017
11049

Андижон касб-ҳунар коллежларида янги ўқув йили олдидан семинарлар ўтказилмоқда

Андижон вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси тасарруфидаги муассасаларда  янги ўқув йилига пухта  тайёргарлик кўриш  юзасидан намунали семинарлар ташкил этилмоқда.

Ана шундай анжуманлар Андижон индустриал-педагогика ҳамда Олтинкўл иқтисодиёт коллежларида бўлиб ўтди. Семинар иштирокчилари мазкур таълим муассасаларида янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ташкил қилинган аудиториялар, устахоналар, спорт иншоотлари ва бошқа маданий-маиший объектлар ҳамда ободонлаштириш ишлари билан танишдилар.

Шунингдек, педагоглар томонидан тайёрланган ўқув-методик мажмуалар тақдимотида иштирок этиб, коллеж биносида ташкил этилган маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда профилактика инспекторларининг хизмат хоналаридаги шароитлар ҳақида тушунчага эга бўлдилар.  

Ўтказилган семинарларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони масъул ходими С. Яқубов иштирок этиб, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими ходимларининг янги ўқув йилига муносиб тайёргарлик кўришга оид долзарб вазифалари тўғрисида топшириқлар берди. 

Семинар давомида иштирокчилар 8 та фандан ташкил этилган намунали машғулотларни ҳамда “Мустақиллик ва хотира куни” дарсини кузатдилар.

Шунингдек, Олтинкўл иқтисодиёт коллежи профессор-ўқитувчилари томонидан яратилган дарслик, ўқув-методик қўлланмалар ҳамда илмий ишларидан намуналар кўргазмаси тақдимот қилинди.

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон

Top