Ўзбекистон | 22:30 / 09.08.2017
228530
3 дақиқада ўқилади

Тошкент ҳокими президентнинг тўйлар ҳақидаги сўзларини нотўғри талқин қилган

Бугун, 9 август куни ўтказилган видеоселекторда Тошкент шаҳри ҳокими Раҳмонбек Усмонов президент Шавкат Мирзиёев танқидига учради.

«Кун» мухбири хабар беришича, президент шаҳар ҳокимини ўз сўзларини яхши англамасликда айблаган.

«Битта гап айтгандим, шаҳар ҳокими кейинги куни шаҳардаги ҳамма ресторанни ёптирибди.

Бу менга қилган дўстлигими? «Мирзиёев айтди, ҳаммаёқни ёпиш керак, тўй бўлмайди» дермиш.

Аввал тизим қил, тартиб қил. Ёнингга калласи ишлайдиган одамларни йиғсанг бўлмайдими?

Одамлар оғзида гап юрибди. «Нима эмиш, Мирзиёев тўйни ёпиш керак, деганмиш».

Мен тўйхоналарни ёпиш керак демадим, тўйларни тартибга келтириш керак дедим.

Депутатлар ва маҳаллалар раислари кўриб чиқиб, қўл қўйиб, шаҳар кенгашига тасдиқлатиб, элга билдириб, одамларга ўқитиб, кейин жорий қилиш керак.

Усмоновга ўхшаганлар бориб бир кунда қарор чиқарворади. Ўзи ўқимаган ҳам.

Бундай дўстдан ўнта душман яхшику. Усмонов шаҳар ҳокими бўлса, бошқа душман керак эмас менга.

Эртанги куни ҳаммани йиғиб, «Мирзиёев айтди, бунақа тўй қилиш мумкин эмас» дебди.

Аввал ўрганиш керак, тартиб ўрнатиш керак, одамларнинг розилигини олиш керак», деган президент. 

Давлат раҳбари шу билан биргаликда тўйлардаги дабдабабозликни қоралаган.

«600 кг гуручдан ош қилиняпти. Ундан кўра, етимхонага бориб ош берсин», деган Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, ўтган кунлар давомида Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов пойтахтдаги тўй ва маъракаларни ихчамлаштиришга киришгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ҳоким фармойиши билан тасдиқланган тартибномага кўра, эндиликда Тошкент шаҳрида тўй-ҳашам, тантана, маросим ва бошқа оилавий тадбирларга таклиф этилганлар сони 300 кишидан ортмаслиги шартлиги, бундан буён Тошкентдаги тўйларда келин-куёвнинг вальс тушиши, пул сочиш-у гул отиш ҳамда торт кесиш тақиқланиши кўрсатилганди.

Ундан олдинроқ, 4 август куни санъат ва маданият соҳаси вакиллари билан учрашувда ҳам президент тўйлардаги дабдабабозлик ҳақида тўхталганди.

Шундан сўнг матбуот ва телевидениеда ҳам тўйлардаги дабдабабозликни қоралаш авж олди.

 

Мавзуга оид