23:12 / 16.08.2017
100617

Дин ишлари қўмитаси: “Рўмол - диний либос эмас”

15 август куни Миллий матбуот марказида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом университети, Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари иштирокида анжуман ташкил этилди. Анжуман "Мустақиллик йилларида виждон ва эътиқод эркинлиги соҳасида эришилган ютуқлар" мавзусига бағишланди. 

Тадбир вақтида диний таълимни ривожлантиришда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди. Иштирокчилар орасида диний либос масаласи ҳам ўртага ташланди.  Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрири, 14-моддасида "Фуқароларнинг жамоат жойида диний либосда юришига йўл қўйилмайди" дейилгани, аслида диний либос дейилганда қандай кийимлар назарда тутилиши ҳақида саволлар йўлланди. 

"Муайян бир динларда айрим расм-русумларни бажариш учун кийиладиган кийимлар белгилаб қўйилган бўлади. Аҳолимизнинг 94 фоизидан ортиғи ислом динига эътиқод қилади. Ислом динида ибодат қилиш учун "буниси - ислом кийими, буниси эса ислом динига зид", деган тушунчалар йўқ. Бошқа динларда эса ибодат маросимларини ўтказиш учун алоҳида либослар кийилади. Ислом динида эса ибодат учун диний кийим, деган мулоҳазалар ноўрин", дея қайд этди Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев.

Шунингдек, анжуман давомида аёллар ўраб юрадиган рўмол - диний либос тоифасига кириш-кирмаслиги ҳам муҳокама қилинди. 

"Дин ишлари қўмитаси, мутасадди ташкилотлар, маслаҳатчи-экспертлар ҳам рўмолни ҳеч қачон диний либос сифатида эътироф этмаган. Агар рўмолни диний либос сифатида қаралаётган вазиятга дуч келсангиз, бизга мурожаат қилишингиз мумкин. Биз бу масалани кўриб чиқишга тайёрмиз", деди қўмита раиси ўринбосари.

Top