Жаҳон | 19:50 / 16.08.2017
21415
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонлик мактаб ўқувчиларига ҳижоб ва соқол тақиқланди

Фото: ca-news.org

Тожикистон таълим вазирлиги мактабларда таълим олувчи ўқувчи-қизларга ҳижоб кийиш, ўғил болаларга эса соқол қўйишни тақиқлади. Бу ҳақида идора матбуот хизматига асосланиб, "Ховар" агентлиги маълум қилди. 

"Тожикистонлик ўқувчи-қизларга мактабда таълим олиш давомида ҳижоб, тор, йиртиқ жинси, калта юбка кийиш, қулоқнинг фақат бир томонига зира тақиш, кўзга ташланадиган тарзда бўяниш тақиқланади. Ўғил бола ўқувчиларнинг соқол қўйиши, сочларини ўстириши, зирак тақиши, тирноқ ўстириши мумкин эмас, жинси шимларга фақат қишки мавсумда рухсат берилади", - дейилади хабарда. 

Агентликнинг аниқлик киритишича, таълим вазирлиги ўқувчиларга шунингдек тату солдириш, реклама ёзувли ва бошқа мамлакатларнинг давлат рамзлари туширилган футболкаларни кийишни тақиқлайди. Машғулотларга спорт кийимида келиш мумкин эмас, жисмоний тарбия дарси бундан мустасно. 

Таълим вазирлиги мактаб формасини маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилишни тавсия қилди, бироқ бу мажбурий эмас. 

Мавзуга оид