Жамият | 18:25 / 18.08.2017
12147
2 дақиқада ўқилади

Филиппинда мусулмон киши 70 насронийни ўлимдан қутқариб қолган

Филиппин оммавий ахборот воситалари Нуруддин Луқмонни замона қаҳрамони дея таништирса ҳам, у ўзини бундай ҳисобламайди. Луқмон мамлакат жанубида жойлашган Маравий шаҳрида 70дан ортиқ насронийни ўлимдан қутқариб қолганини ҳеч қандай қаҳрамонлик эмас, дея эътироф этади.

Al Arabiya билан суҳбатда бўлган Нуруддин Луқмон бу ҳар бир мусулмон кишининг олдида турган вазифа эканини айтиб ўтган.

«​Жангарилар қуролли зиддиятни кучайтириб юборган пайт, мен маҳалламиз атрофида ишлайдиган қурувчи ва дурадгор насронийларни уйимга олиб кирдим. Бошқа эътиқод вакилларига ҳам бошпана беришимни айтиб таклиф қилдим. Бу ўйинлардаги қаҳрамонлик ролини ўйнаш саҳнаси эмас, инсон тақдири учун кураш эди»​, дейди у.

Дастлаб, Луқмоннинг уйи 44 насронийни ўз бағрига сиғдирган бўлса, кейинчалик уларнинг сони 70дан ортиб кетди. Тўқнашувнинг ўн иккинчи кунида Нуруддиннинг уйида ғамлаб қўйилган озиқ-овқат захираси, хусусан тоза ичимлик суви тугаш арафасида эди. Луқмон меҳмонларига диний калималарни ўргатиб, уларни шаҳар ташқарисидаги хавфсиз жойга ўтказишни режалаштиради.

Орадан вақт ўтиб, шаҳар жангарилардан озод этилгач, мусулмон кишининг хизматлари юксак баҳоланмоқда.

«Ислом бошқа эътиқод вакилини ҳам ҳимоя қилишга буюрган», дейди 61 ёшли Луқмон.

Май ойининг охирги кунларида жангарилар Маравийга бостириб кирганида тинч аҳоли вакилларидан 45 киши ва 128 нафар ҳарбий қурбон бўлган эди.

Мавзуга оид