Жаҳон | 08:53 / 19.08.2017
5617
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Руминияга 1,25 млрд долларлик ракета тизимлари етказиб бермоқчи 

Фото: AP

Руминия АҚШдан умумий қиймати 1,25 млрд долларлик High Mobility Artillery Rocket Systems (HIMARS) ёппасига ўт очиш реактив тизимларини олади. Бу ҳақда Пентагон таркибига кирувчи бошқарма маълум қилган. 

АҚШ мудофаа вазирлигида бу шартнома “АҚШнинг ташқи сиёсати ва миллий хавфсизлигини мустаҳкамлаши”, чунки НАТО бўйича иттифоқдоши хавфсизлигини кучайтиришга қаратилгани айтилган. Бундан ташқари, Вашингтон фикрича, ракета тизимларини етказиб бериш Руминиянинг мудофаасини кучайтириш бўйича эҳтиёжларига ва НАТО мақсадларига тўғри келади. Бироқ АҚШ конгрессида бу шартномани ўрганиб чиқиш ва унга рухсат бериш-бермаслик учун 30 кун бор.

АҚШнинг фикрича, Руминия HIMARS тизими ҳисобига ўз қуролли кучларини модернизация қилмоқчи ва “ҳудудий таҳдидлар”ни ушлаб туришни кучайтирмоқчи. Келишувга кўра, агар шартнома амалга оширилса, 10 нафар америкалик мутахассис янги тизимларни ёйиш ва персонални у билан ишлашга ўргатиш учун Руминияга бир йилга юборилади.

АҚШ июлда Руминияга 3,9 млрд долларга Patriot зенит-ракета тизимларини етказиб бермоқчилигини маълум қилганди.

Мавзуга оид