Жаҳон | 08:55 / 22.08.2017
13205
2 дақиқада ўқилади

КХДРдан Сурияга юклар етказиб берилишига бўлган уриниш фош этилди

Фото: РИА "Новости"

КХДРдан Сурия илмий тадқиқотлар ва ишланмалар Марказига сўнгги олти ойда иккита юк жўнатмаси юборилгани фош этилган. Бу ҳақда БМТнинг Шимолий Кореяда санкцияларнинг бузилишига оид махфий ҳисоботида айтилади.

Ҳисобот БМТ мустақил экспертлари томонидан тайёрланган ва БМТ Хавфсизлик Кенгашига август бошида тақдим этилган, бироқ, юклар айнан қачон олиб қўйилгани ҳамда улар нималардан иборат бўлганига ойдинлик киритилмаган.

«Комиссия КХДР ва Сурия ўртасида тақиқланган кимёвий қурол, баллистик ракеталар ва қурол-яроғнинг оддий турлари соҳасидаги ҳамкорлик ҳақидаги хабарларни суриштирувдан ўтказмоқда», - дея 37 бетдан иборат ҳисоботдан иқтибос келтиради Reuters агентлиги.

Таъкидланишича, юклар БМТнинг икки аъзо мамлакати томонидан олиб қўйилган.

«Ташкилотга аъзо бўлган яна бир давлат комиссияга бу товарлар Корея тоғ-руда саноатини ривожлантириш бўйича савдо корпорацияси ва Сурия ўртасидаги шартноманинг бир қисми бўлгани ҳақида маълумот берди», - дейилади ҳужжатда.

Сурия ташкилотлари ушбу юкларни олиши керак бўлгани айтилмоқда.

Аввалроқ Сурия АҚШ ва Британияни террорчиларга заҳарли моддаларни етказиб беришда айблаганди.

Мавзуга оид