Жамият | 20:55 / 23.08.2017
17423
2 дақиқада ўқилади

Таиландга қизларни юбориш билан шуғулланган самарқандлик “одамфуруш” аёл ушланди 

Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан кишиларни кейинчалик хорижда оғир шароитларда ишлатиш учун ёллаш билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш бўйича тадбирларнинг олиб борилиши давом этмоқда. 
 
Самарқанд шаҳри ҳудудида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, Самарқанд вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари томонидан Самарқанд шаҳрида яшовчи 51 ёшли Замира Жумаева қўлга олинди. Тезкор ходимларнинг маълумотига кўра, у одам савдосига ихтисослашган уюшган жиноий гуруҳнинг фаол аъзоларидан бири бўлгани ҳолда, эҳтимолий қурбонларни излаш ва уларни хорижга, кейинчалик “жинсий мақсадда фойдаланиш” мақсадида юбориш билан шуғулланган.

Замира Жумаева ўз танишлари орқали ишонувчан аёлларни топиб, уларга Таиланд давлатининг ресторанлари ва тунги клубларида официантка сифатида ойига 5 минг АҚШ долларига қадар бўлган юқори ҳақ тўланувчи иш ваъда қилган. Уюшган жиноий гуруҳнинг ташкилотчиси ва “тирик” товарнинг буюртмачиси Таиланд ҳудудида вақтинчалик яшовчи самарқандлик бошқа бир аёл (унинг исми тергов манфаати туфайли ошкор этилмаган) бўлган. У Ўзбекистондаги эҳтимолий қурбонларга электрон авиачипталарни сотиб олган ва юборган.

Қизларни юбориш ишлари аввалига “Самарқанд-Тошкент” йўналиши бўйлаб автомашинада, сўнг “Тошкент-Бангкок” авиарейси орқали амалга оширилган. Бангкок шаҳрига етиб келган қурбонларни УЖГнинг Марказий Осиё давлатларидан бўлган бошқа аъзолари кутиб олишган.

Замира Жумаева кўрилган чора-тадбирлар ёрдамида Самарқанд шаҳридан навбатдаги қизни Тошкент шаҳрига автомашинада олиб кетаётган пайтда, ЙПХ постларидан бирида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан қўлга олинди.

З.Жумаевага нисбатан ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноий кодексининг 135-моддаси 3-қисми (Одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилди, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид