Жаҳон | 09:37 / 24.08.2017
4486
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Россия ва Миср ўртасидаги авиаалоқа 2017 йилда тикланмайди

Россия ва Миср курортлари ўртасидаги чартер авиаалоқаси 2017 йил охиригача тикланмайди. Бу ҳақда Россия дипломатик доиралари ва авиация соҳасидаги манбаларга иқтибос келтирган ҳолда “Известия” нашри хабар бермоқда

“2017 йилда Мисрга чартер рейслар йўлга қўйилмайди. Хургада ва Шарм-аш-Шайхдаги аэропортлар навбати билан 30 сентябргача текширувдан ўтказилиши керак. Ҳозир ҳаммаси музокара босқичида турибди”, деб айтган манбалардан бири.

Унинг айтишича, Қоҳира аэропорти россияликларни қабул қилишга тайёр, бироқ ҳаммаси Мисрдаги ички сиёсий вазиятга боғлиқ бўлади. “Қоҳира, моҳиятан, хавфсизлик борасида россияликларни қабул қилишга тайёр. Аэропортни октябрда очиш бўйича келишув бор. Бироқ ҳаммаси Мисрдаги ички сиёсий вазиятга боғлиқ бўлади. Москванинг ҳам принципиал қарори зарур бўлади”, деб қўшимча қилган манба.

Манбанинг маълум қилишича, текширувлар давомида аниқланган камчиликларнинг катта қисми бартараф этилган. Текширувлар натижаларига кўра ҳисобот тайёрланиб, ҳукуматга жўнатилган ва унга кўра якуний қарор чиқарилиши мумкин.

“Биринчи босқичда парвозлар фақат Қоҳирага йўлга қўйилади. Бу мунтазам рейслар бўлади. Мисрнинг курорт ҳудудларига чартер рейслар очилиши ҳақида ҳозирча умуман гап бориши мумкин эмас”, деб айтган манба.

2015 йил ноябрида Россия ва Миср ўртасида авиаалоқа тўхтатилганди. Синай яриморолида Россиянинг “Когалимавиа” авиакомпанияси самолёти фалокатга учрагандан кейин шундай қарорга келинган. Шарм-аш-Шайхдан Санкт-Петербургга парвоз қилаётган самолёт бортида 217 нафар россиялик сайёҳ ва 7 нафар экипаж аъзоси бўлган, уларнинг барчаси ҳалок бўлган. Россия Федерал хавфсизлик хизмати ушбу фалокатни теракт сифатида таснифлаган. Фалокат сабабларини аниқлаш бўйича ишлар ҳанузгача давом этмоқда. 

Мавзуга оид