Асрлар давомида Нил дарёси Миср цивилизациясининг асосий ҳаёт манбаи бўлиб келган. Мамлакатнинг деярли бутун қишлоқ хўжалиги ва аҳолиси дарё ҳамда унинг дельтаси атрофида жамланган. Бугунги кунда ҳам Миср аҳолисининг қарийб 95 фоизи айнан Нил соҳиллари ва Ўрта Ер денгизи бўйидаги делта ҳудудида яшайди. Унинг ташқарисида эса чексиз саҳролар ёйилган.

Бироқ аҳоли сонининг кескин ўсиши, иқлим ўзгариши ва сув ресурсларига босимнинг кучайиши туфайли Нил водийси тобора ўз имкониятлари чегарасига яқинлашмоқда.

Нега «Янги Нил» керак бўлди?

1990 йилда Миср аҳолиси тахминан 60 миллион нафар эди. Ҳозир эса мамлакатда 100 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Бу ўсишнинг асосий қисми Нил водийси ҳиссасига тўғри келди. Натижада шаҳарлар кенгайиб, қишлоқ хўжалиги ерлари қисқармоқда, озиқ-овқатга бўлган талаб эса йил сайин ошиб бормоқда.

Шу билан бирга, Эфиопияда қурилган йирик гидроэлектр тўғони ҳам Миср учун хавотир манбаига айланган. Чунки мамлакат тоза сувнинг деярли барчасини Нил дарёсидан олади. Дарё суви оқимининг ҳатто озгина камайиши ҳам Миср иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

«Янги делта» қандай ишлайди?

2018 йилда бошланган «Янги делта» лойиҳасининг асосий мақсади қарийб 9 200 квадрат километр чўл ҳудудини унумдор қишлоқ хўжалиги ерларига айлантиришдир. Агар режа тўлиқ амалга ошса, Мисрдаги экиладиган ерлар майдони учдан бир қисмдан кўпроққа кенгаяди.

Лойиҳанинг асосини сувни қайта ишлаш ва уни чўл ҳудудларига етказиб бериш тизими ташкил этади.

Бунинг учун узунлиги қарийб 170 километр бўлган Ал-Ҳаммам канали қурилган. Илгари Ўрта Ер денгизига оқизиб юборилган қишлоқ хўжалиги дренаж сувлари энди тозаланиб, мамлакат ичкарисига йўналтирилади.

Бундан ташқари, тизим Нил дарёсидан келадиган сув билан ҳам таъминланади. Шу тариқа Ғарбий саҳрода янги қишлоқ хўжалиги ҳудуди шакллантирилмоқда.