Жаҳон | 23:09 / 26.08.2017
4284
2 дақиқада ўқилади

Барселонада террорчиликка қарши маршда Испания бош вазири ва қироли ҳам иштирок этди

Фото: Alberto Estevez / EPA / Scanpix / LETA

Барселонада 17 августда содир этилган терактлар қораланган, террорчиликка қарши “Мен қўрқмайман!” (“No tinc por”) шиори остида марш бўлиб ўтди. Унда ўн минглаб одамлардан ташқари, Испания бош вазири Мариано Рахой ва қирол Филипп VI ҳам иштирок этдилар.

Барселона мэри Ада Колау “Биз меҳмондўст ва очиқ шаҳармиз. Бугун биз “Мен қўрқмайман” деб ҳайқирганча яна кўчаларга чиқмоқдамиз”, деб ёзган твиттерда.

Бундан аввал, 25 августда ушбу шиор остида 16 мингдан кўпроқ одам бир ҳафта олдин Барселона билан бирга террорчилар нишонига айланган Камбрильс кўчаларига чиқишди.

Фото:news-front.info

17 августда Барселонада террорчилар шаҳар марказидаги Рамбла кўчасида пиёдаларни фургонда босиб кетишган. Худди шундай иккинчи ҳужум Камбрильсда шу куни кечки вақт содир этилган.

Кейинроқ жангарилар Барселонанинг энг диққатга сазовор жойларидан бири Саграда-Фамилия ибодатхонасида портлашни амалга оширмоқчи бўлганлари аниқланган. Улар бу мудҳиш режаларини амалга ошириш учун миналаштирилган учта фургонни портлатмоқчи бўлишган, бироқ Альканар шаҳридаги турган уйларида портлаш содир бўлгани сабабли режаларини кескин ўзгартиришган. Бу ерда улар портловчи қурилмалар тайёрлашган.

Ҳаммаси бўлиб терактлар оқибатида 15 киши ҳалок бўлган, 120 дан кўпроқ киши жароҳат олган. Ушбу ҳужумлар учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид