13:24 / 28.08.2017
6865

Қирғизистондаги президентлик пойгаси иштирокчилари сони 2 баробарга қисқарди

Қирғизистонда президентлик сайлови пойгасидаги иштирокчилар сони икки баробарга қадар камайди. Ҳозир 24 киши мамлакатдаги олий лавозим учун курашиш истагида, деб хабар берди РИА Новости республика МСК матбуот хизмати вакили Нурия Тошпўлатовага асосан.

Қирғизистонда мамлакат президенти лавозимига номзодларни илгари суриш 31 июль куни якунига етди. МСКга 15 октябрга режалаштирилган сайловларда иштирок этиш нияти борлиги ҳақида 59 номзод мурожаат йўллаган. Улардан баъзилари кейинчалик ўз аризаларини қайтариб олишган. Шанба куни эса президентликка номзодларни қўллаб-қувватлаш бўйича имзо варақаларини қабул қилиш якунланди. Мамлакатдаги олий лавозим учун номзод сифатида рўйхатдан ўтмоқчи бўлганлар 30 минг имзони йиғиши ҳамда МСКга 15 минг доллар миқдорида маблағ тўлаши, шунингдек, давлат тилини билиш бўйича мажбурий тестдан ўтишлари лозим. Рўйхатга олиш 10 сентябрь куни якунига етади.

"Бугунги кунга келиб 24 номзод қолди. Улардан тўрт нафари расман рўйхатдан ўтди. Қолганлар сайловлар тўғрисидаги қонунга мувофиқ йиғиш жараёнида ёки рўйхатдан ўтиш учун лозим бўлган ҳужжатларни кўриб чиқишда давом этмоқда", - дея хабар берган агентлик суҳбатдоши.

Унинг сўзларига кўра, президент лавозимига даъвогар бўлган 15 номзодга рўйхатга олишда рад жавоби берилган, улар имзони йиғиш бўйича варақаларни вақтида топширмаган. Яна беш номзод эса МСКга давлат тилини билиш даражаси ҳақидаги сертификатларни тақдим этмаган.

Расмий номзод мандатларини мамлакатнинг уч нафар собиқ бош вазири - Темир Сариев, Омурбек Бабанов ва Сўронбай Жэнбеков ҳамда “Онугуу-Юксалиш” парламент партияси етакчиси Бакит Торобаев олди.

Top