17:19 / 29.08.2017
7873

Юнкер: ЕИ хавфсизлигини Россиясиз таъминлаб бўлмайди

Фото: Reuters

ЕИ хавфсизлигини Россиясиз таъминлашнинг имкони йўқ. Шу боисдан ҳам ЕИ ва РФ икки томонлама муносабатларни яхшилаш устида ишлаши лозим. Еврокомиссия раиси Жан-Клод Юнкер ЕИ дипломатик миссияларининг Брюсселдаги йиғилишида шу ҳақда сўз юритди. 

"Биз Россия билан муносабатларимизни яхшилашни ўйлаб кўришимиз керак. Бу Россияга боғлиқ. Шунинг баробарида бизга ҳам боғлиқ. Бироқ Европанинг келгуси асрлардаги хавфсизлигини Россиясиз таъминлаб бўлмайди", - деган Юнкер.

"ЕИнинг барча мамлакатлари ҳудуди 5,5 млн км2. Россиянинг ўзи 17,5 млн км2 майдонга эга. Яна саволлар борми? Шунинг учун, қадриятларимиз ва қоидаларимиздан воз кечмаган, Қрим аннекциясини унутмаган ҳолда Россия билан биргаликдаги келажагимиз хусусида мулоқот олиб бориш усулини топишимиз керак", - деб қайд этган ЕК раҳбари. 

Юнкернинг сўзларига кўра, европаликлар ўзларининг дунё эгалари сифатида тутишларини бас қилишлари керак. Чунки ЕИнинг жаҳон саҳнасидаги ўрни камайиб бораяпти ва камайиб боради. "Тарих жуда тез ривожланмоқда ва баъзан бу ҳолат жуда тез содир бўлаяпти. Биз бугунги кунда камтарроқ бўлишимиз талаб этилаётган бир вақтда ўзимизни дунё эгаларидек тутаяпмиз", - деган сиёсатчи.

Унинг қўшимча қилишича, Европа иқтисодиёти ва Европа аҳолисининг дунёдаги улуши тобора пасайиб бормоқда. Бунга қарши эса ҳеч нарса қилиб бўлмайди. 

"Бугун бизнинг ЯИМ бутун дунё ЯИМнинг 24-25 фоизини ташкил этаяпти, аммо 10 йилдан сўнг бу рақам 20 фоизгача пасаяди. Аср бошида (2000 йил) жаҳон аҳолисининг 10 фоизи шу қитъага тўғри келди. Аср сўнгги келиб, у бир неча фоизгача қисқаради", - деб таъкидлади ЕК раиси. 

Шу муносабат билан Юнкер ЕИ мамлакатларини ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун ҳам кўпроқ бирдамликка чақирди. У, шунингдек, Европа иқтисодиётининг умумий ҳолати аста-секинлик билан яхшиланиб бораётганини таъкидлади. Бунда фуқаролар бандлиги ўсмоқда, давлат қарздорлиги тушмоқда. Унинг баҳолашича, ЕИдаги миграция вазияти ҳам барқарорлашмоқда. 

Top