Алимент тўламаган эр озодликдан маҳрум этилди
Маъмурий ва жиноий ишлар судлар томонидан жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида корхона, муассаса, ташкилотларда сайёр тартибда кўриб чиқилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида бўлиб ўтди. Сайёр судда алимент тўламаган икки фуқаронинг иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.
Муқаддам судланган тошкентлик О.К. турмуш ўртоғи билан ажрашиб, фарзандини боқувчисиз қолдиради. У оиласини оғир аҳволда ташлаб кетганига қарамай, турли баҳоналар билан алимент тўлашдан бош тортади.
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 2014 йил март ойидаги ҳал қилув қарорига кўра, О.К. фарзандининг моддий таъминоти учун алимент тўлаб бориши белгиланган эди. Аммо қонуний бурчини бажаришдан очиқчасига бош тортган О.К. 38 ой давомида 8 миллион 240 минг сўм миқдордаги алимент пулини тўламай келган.
Сайёр суд залида О.К.га алимент қарзини тўлаш таклифи билдирилди. Лекин у пулни тўлаш ва ярашишни истамади. Вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бош тортганлиги учун О.К. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддасига мувофиқ бир йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Пойтахтлик А.А. ҳам вояга етмаган фарзанди таъминоти учун алимент тўлашдан бош тортиб келган. У 2012 йил 1 январдан жорий йилнинг июль ойига қадар бўлган вақт мобайнида 16 миллион 404 минг сўм алиментдан бўлган қарзини тўламаган. А.А. сайёр суд залида мазкур қарзни тўлиқ тўлади.
Мавзуга оид
16:17 / 02.11.2024
Андижонда ишчидан алиментдан қарзини ушлаб қолмаган фермер жаримага тортилди
17:12 / 30.10.2024
Алиментдан қочиб юрган отани “илинтирган” ходим – МИБ операцияси тафсилотлари
18:31 / 18.10.2024
Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги кўча 2 ойга ёпилади
12:30 / 24.09.2024