14:32 / 02.09.2017
11036

«Спрут» сериали юлдузи актёрлик фаолиятини якунлаши ҳақида маълум қилди

Фото: Reuters

Машҳур «Спрут» сериалида комиссар Коррадо Каттани ролини ижро этган италиялик актёр ва режиссёр Микеле Плачидо кинода бошқа суратга тушмаслиги ҳақида маълум қилди, деб хабар бермоқда La Repubblica.

«Мен кинода бошқа суратга тушмайман, энди бу менга қизиқ эмас. Жорий йилда иккита муҳим фильмни таклиф этишди, бироқ рад этдим», - дея Плачидонинг сўзларини келтиради нашр.

Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, режиссёр сифатида ишини тўхтатмоқчи эмас. «Мен режиссёр сифатида фильмлар суратга олиш ва театр саҳнасида актёр сифатида фаолиятни давом эттиришни режалаштирганман», - дея қўшимча қилиб ўтди у.

Плачидо бундай баёнотни 74-Венеция кинофестивалида қилган. 

Микеле Плачидо Сицилия мафияси ва ҳукуматнинг юқори даражаларида коррупция билан курашувчи Италия ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳақида ҳикоя қилувчи «Спрут» телесериалидаги комиссар Коррадо Каттани ролидан сўнг машҳур бўлиб кетган. Олти сериядан иборат бўлган фильмнинг биринчи қисми 1984 йилда экранларга чиққан. Кейинчалик унинг давоми суратга олинди. Комиссар Каттани фильмнинг 1989 йилда экранларга чиққан тўртинчи қисми охирида ўлдирилган.

 

Top