Kun.uz’га Навоий шаҳридаги умумтаълим мактабларидан бирининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси томонидан мурожаат келиб тушди. Унда таъкидланишича, Навоий шаҳридаги “Comprehensive Media” МЧЖ ўзлари томонидан вилоят ИИБ билан ҳамкорликда суратга олинаётган бадиий фильмда рол бераман дея мактаб ўқувчиларини алдаб, уларнинг ота-онасидан пул ундирган. Навоий вилояти ИИБ эса фильмни суратга олишда ҳамкорлик қилинмаганини, фақат айрим саҳналарда кўмаклашилганини таъкидлаяпти.

19 июн куни номаълум рақамдан бир қиз қўнғироқ қилди. Рақамимни мактабимизнинг маънавият ишлари бўйича директор ўринбосари берган экан. Қўнғироқ қилган қиз Навоийда кино олинаётганини, актёрлик қобилияти бор ўқувчилар бўлса кастингга қатнашиши учун олиб боришимни айтди. Ўзим меҳнат таътилида эдим. Демак, раҳбариятга айтилган экан, деган ўйда 3 нафар ўқувчини олиб бордим.

Улар бир дунё ваъдалар бериб, ўқувчиларимни қизиқтириб қўйишди. Эртаси куни эса ота-оналар фарзандлари кинога тушиши учун 2 млн сўм тўлаб, шартнома имзолашди. Ана энди на кинодан, на пулдан дарак бор. Кейин билсак ушбу фирибгар тузоғига тушган бир биз эмас эканмиз”, дея билдирган мурожаатчи ўз мурожаатида.

Таҳририятга тақдим қилинган шартномада кўринишича, “Comprehensive Media” МЧЖ директори Учқунбой Рўзиқулов ушбу маблағларни гўёки ҳомийлик ёрдами сифатида қабул қилган. Аммо ана шу “ҳомийлик ёрдами” учун МЧЖ томонидан аниқ сумма белгиланган ҳамда бунинг эвазига суратга олиш жараёнида фуқаронинг иштирокини таъминлаш мажбуриятини олган. Демак, “ҳомийлик” ниқобига ўралган ушбу келишув ортида аслида маълум бир маблағ эвазига хизмат таклиф қилиняпти.

Шартноманинг яна бир нуқтаси эътиборни тортади. Агар шартнома бекор қилинса тўланган “ҳомийлик” маблағлари қайтарилмаслиги кўрсатиб ўтилган. Яъни агар кейинчалик ўқувчи фильмда суратга тушишни истамай қолса, режиссёрга тўлаган пули унга қайтарилмайди: кўрсатилмаган хизмат ёки бажарилмаган мажбурият учун пул олишнинг бу усулида фирибгарлик ҳолати ошкора бўй кўрсатиб турибди.

“Режиссёр”нинг тузоғига фақат Навоий вилояти эмас, қўшни Самарқанд вилоятидан ҳам “бўлажак актрисалар” илинган. Иккита вилоятда юзлаб бу каби шартномалар тузилган бўлиши мумкин.