Жамият | 23:26 / 03.09.2017
44854
18 дақиқада ўқилади

Зулфиқор Мусоқовнинг экран ортидаги ҳақиқатлари: "Халқни бир тийинга қиммат ғоялар билан заҳарлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!"

"Икки эшик ораси" кўрсатувида журналист Дилшода Матчонова таниқли режиссёр Зулфиқор Мусоқов билан мазмунли суҳбат қурди. Суҳбат давомида режиссёр дилидаги гапларни очиқ-ойдин баён этди. KUN.UZ сайти ушбу қизиқарли кечган суҳбат матни ва видеосини диққатингизга ҳавола қилишга жазм қилди.

- Ўзингизни шу касбга фидо қилдингиз ва нима олдингиз?

- Умримни деярли икки жойда ўтказдим - "Ўзбекфильм" ва уйим. Бир йўналишда умрим ўтди. Бундан ҳеч норози эмасман. Лекин кўпинча ижодкорнинг меҳнати (шахсан ўзимни айтмаяпман) оқилона баҳоланмайди.

- Оқилона баҳоланиш деганда нимани назарда тутяпсиз? Халқ эътиборининг ўзи мукофот эмасми?

- Худога шукур, озми-кўпми халқ орасида, мутахассисларнинг орасида, чет элда ўз ўрнимга эга бўлдим. Шахсан мен учун нолиш бўлади. Тўғри, вақт ҳамма нарсани ўз ўрнига қўяди-ку, кетган асаб тикланмайди-да.

- Ҳақиқатан, ўзингизга касал орттирдингиз дейлик. Сиз ҳар доим юзга айтадиган, бетгачопар, андишани билмайдиган, қайсар, ўжар, ўзининг гапини ўтказадиган режиссёрсиз. Нима учун?

- "Бахт нимадан иборат?" деганда кимдир айтган экан:  "Бировнинг калтафаҳмлиги, қора ниятлилигидан озод бўлиш, мустақил бўлиш". Афсуски, қайсарлик ҳам қўполлик эмас, мана "Ватан" фильмини оладиган бўлсак, унинг рўёбга чиқишининг ўзи жуда катта қийинчилик билан амалга ошди

- 3 йил кутдим шу фильмни, ҳатто аразлаб кетиб қолган пайтларим ҳам бўлди, оиламдан кетиб қолдим Москвага, ўша ерда бир йил яшадим. Кейин қўнғироқ қилиб "Ватан"ни қўядиган вақт келди" дейишди.

Ҳозир айтишим мумкинки, 32 миллион халқимдан фильмни кўрмаган одам қолмагандир ўзбеклар орасида. Нафақат ўзбеклар, балки бошқа миллат вакиллари орасида ҳам. Чет элда - Америкада, Германияда. Шу миллионлаб томошабинларнинг ичида, номма-ном биламан, 9 киши "Ватан" фильмини бутун вужуди билан ёмон кўрди. Майли, ёмон кўрса ёмон кўрсин, лекин ОАВда фисқи-фасод қилиб, куракда турмайдиган гаплар билан мени анча камситган. Қандай қилиб буларга муносабат қилишим керак?! Кўрмай туриб, шундай туҳамтларга учраган фильм. "Қўрғошин"ни-чи? 4 йил кутдим! Томошабинларимиз буёғини билмайди-ку. "Қўрғошин" фильми сценарийсининг муҳокамасида бир ёши катта ҳамкасбимиз "Бу сценарий учун режиссёрни қамаш керак" деган. Агар шу нарса 1937 йилда бўлганида эди, қўлимни қайириб олиб кетишган бўларди. Ваҳоланки, бу 2011 йилда бўлаётган воқеа. Айтяпман-ку, "Санъатда мен учун нима оғир?" Ўша кинонинг атрофида юрган дилетантлар шу нарсанинг тўғрилигини исботлаши. Ўтиради-да ғўддайиб, "Мен кинони тушунмасам-да, менинг фикрим бунақа" деб. Мен "Кинони тушунмасангиз, нима қилиб ўтирибсиз бу ерда?!" деб юборган пайтларим ҳам бўлган.

- Балки қандайдир ахлоқ нормалари бордирки, чегарадан чиқиш керак эмасдир? Баъзан сал бефарқроқ ё сал андишалилигимиз касодга учратгандир бизни?

- Тўғри, мен ҳеч нарсага аралашмасдан унвонлардан мағрурланиб юришим мумкин эди, лекин мен ундай флюгер бўла олмайман.

Кўпинча шу йиғилишларда ёқамни тишлаб қоламан-да. Умрида бирорта кино ишламаган кино атрофида юрган одамлар ўзбек киноси ҳақида оғзини кўпиртириб гапиришга жуда уста. Лекин бирортаси ўйламайдики, "Ҳой тўхта, мен ўзимга четдан бир қарай. Нима қилиб қўйганман ўзбек киноси учун? Нима ҳисса қўшганман? Бирорта пичоққа илинадиган фильм яратганманми" деб. Йўқ, бу ҳақида ўйлашмайди.

Мен нотўғри гап, номуносиб гапни кўтара олмайман.

- Ва шу билан атрофингизда душман орттирасиз?

- Бўлса бордир. Лекин ҳеч ўша айтган гапларимдан афсусланмайман. Тўғрини тўғри дейман. Жуда кўп фильмлар бор, масалан, менга маъқул бўлган, лекин негадир буларни ҳисоб чўтига туширишмайди. Икки қўлим билан қанчадан-қанча фильмларнинг тарафдори бўлганман. Мен улардан ақллиман демоқчи эмасман, лекин кино соҳасида (кино жуда тор мутахассислик, мен масалан театр, адабиёт, тасвирий санъат соҳасида биров билан баҳслашмайман) э йўқ-бе йўқ, куракда турмайдиган гапларни гапирса, одам чидай олмайди. Улар театр, мусиқа, тасвирий санъат соҳасида ҳам шундай гапиришлари мумкин.

Энди тасаввур қилиб кўринг, яқинингиз касал бўлиб қолди, шифокорларнинг консилиум деган нарсаси бор, ўшандай бир делитант кириб ақл ўргатса... Ҳайдаб юборасиз, чунки сизнинг жигарингиз ўша ерда ётибди. Биз ҳам қайсидир маънода инсонларни даволаймиз. Ижодкорнинг вазифаси авваламбор - одамларга қандайдир эзгулик, инсонпарварлик ғояларини киритиш. Шунинг учун кўпларга менинг гапим ёқмайди. Дангалини юзига айтаман.

Кино соҳасида сохталиклар жуда кўп учраяпти. Билимсизлик ва энг ачинарлиси, мана шу амалпараст, кино атрофида юрган ёши ўтган дилетантлар шахсан менинг орқамдан мени ёшларга қарама-қарши қилиб қўймоқда. Ваҳоланки, менинг ўзимнинг кино мактабим бор, қизим очиб берди, чунки Санъат институтига 10 йил олдин боргандим, собиқ ректор осмондан тушгандек менга қараб "Сиз кимсиз? Қанақасига сиз бу ерда домла бўласиз?" деган. "Ия, омин" деб, ўрнимдан туриб чиқиб кетганман.

- Чунки сизни энг катта танқидчи сифатида билишади ва шу билан биргаликда айримлар нимагадир сизни ёшларни синдиришга ҳаракат қилади, дейишади.

- Йўқ, бу нотўғри гап. Мен ёшларимизни жуда ҳурмат қиламан. Мана ҳозир ўзимнинг мактабимда 15 нафар шогирдимни туну кун фильмлар кўрсатиб ўқитяпман. Ҳафтасига ўртача 10 та фильм кўрсатдим. Ёшлигидан амалпарастлик, порахўрликка ўрганмаган, тўғрисўз, хушмуомала ёшлар бор. Бироқ мен нафаратланадиган ёшлар борки, улар биринчидан, ўта билимсиз, иккинчидан, ўта қўпол, учинчидан, кўзида фақат пул, амал! Кўплари сотқин. Унақа ёшлардан, очиғи, ҳазар қиламан.

- Балки баъзи нарсаларга бефарқ қараш керакдир?

- Йўқ, афсуски, мен бефарқ қарай олмайман, чунки бу менинг ҳаётим. Менинг хобби ё бошқа бир нарсам йўқ, кино - менинг бутун ҳаётим. Шу ерга келаман - ишлайман, уйга бораман - аёлим овқат беради, сўнг компьютерга ўтираман - сценарий, кино... шу билан кун тугайди.

- Хусусий студиянгизни очиш ниятингиз йўқми?

- Йўқ, хусусий студияларимизнинг аҳволини кўряпман. Прокат тизими йўлга қўйилмаган. Олдин бор эди бир шахсий студия - Япония буюртма қилган - "Яратганга шукур" фильми ишланган. Қанча чиғириқдан ўтганмиз. Бу фильмни яратганимиздан кейин яхши ҳаммаси пулини тўлашди, тинч ўтди.

Энди ҳомийни иши нимадан иборат? "Мана бу ашулачини, менинг қизим ё жиянимни оласан, у бўлсин, бу бўлсин..." Сценарий керак эмас. Ҳаммаси бир хил.

- Болалигингизда ҳам шундай ҳамма нарсани кўнглига яқин оладиган инсон бўлганмисиз ёки қайсар, тўполончими?

- Йўқ, ғирт аълочи бўлганман. Дадам раҳматлига (менга буни гапириш жуда оғир) бирорта фильмимни кўриш насиб этмаган. Москвада ўқиб юрган кезларимда тўсатдан қазо қилганлар. Бу менинг ҳаётимдаги энг катта армоним...

Туғилган жойим аслида Олмалиқ бўлган экан, 2 ойлик чақалоқлик вақтимда Тошкентдаги Қорасарой кўчасининг нариги томонида 2 қаватли домларнинг ичида катта бўлганман. Ёзги таътил эса бувимникида, Оққўрғон қишлоғида ўтарди. Дадамлар ёшлигимдан бир нарсани айтарди, буни ёшларга ҳам айтиш лозим: Бир куни бир синфдошим "Мен кўчанинг боласиман" деб гердайди. "Дада, кўчанинг боласиман дегани нима дегани?" деб сўрасам, "Ўғлим,  бундай бола яхши одам бўлмайди, ёдингда бўлсин. Кўчада шундай дейдиган болаларга қўшилмагин ҳам. "Кўчанинг боласиман" дегани - на ота ва на онанинг тарбиясини олган, на бирорта китоб ўқиган, эрталабдан кечгача кўчада юриб, йўлтўсарлардан чиққан одам. Шу бола катта бўлгач, катта йўлтўсар бўлади" дерди. Мактабга кетаётганимда ҳар куни ойимлар пирожкига деб 20 тийин пул берардилар. Маҳалламизда боши берк кўча бор эди, ўша ерда бир бола 5-6 боладан шу пулни йиғиб оларди. Бир куни жонимизга теккач, шу болалар ҳаммамиз уни дўппослаб, тошбўрон қилганмиз.

- Наҳотки, "қайтар дунё" деган нарса бўлмаса, "ҳалол ва ҳаром ризқ ўз аксини кўрсатади" деган гапни инкор этсангиз?

- Туғуруқхонада чақалоқ туғилди, дейлик, 7 кунлик чақалоқ. 7 кунлик чақалоққа 20 метр келадиган, қовун ортадиган Ҳаммер, танғир-тунғур, видеоларнинг нима кераги бор?! Ҳамма гап нимада? "Мана бизнинг бойлигимиз ошиб кетди, биз бошқалардан боймиз" деган гапда. Айтади-ку, "Кўрмаганни кўргани қурсин" деб. Тўйларимизга бориб кўринг... вертолёт учиб юрибди тепада! Кранлар...мен бадиий кинода ишлатмайдиган кранлар... Яна ёшларимиз ҳинд киноларига ўхшаб тоғларда съёмкалар қилади. Бир йилдан кейин қанчаси ажрашиб кетади! Қанча пул увол?!

Уч йилча аввал бир танишимиз тўй қилди. Куёв хўмрайиб ўтирибди. Кейин билсак, куёвга қиз ёқмаган, дадасининг гапирга кириб уйланган, дўстининг қизи экан. Нима бўлди? 4 ойдан кейин ажрашди! Миллион-миллионли мебелларни олиб кетишди. Бу нима деган гап?!

Яқинда бир нотаниш киши келди бир илтимос билан, кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан киши. "Гап шундаки, қиз томон нозикроқ, бойроқ, шунга  сиз ёлғондан узоқ қариндошимиз бўласиз" дейди. "Ия, мен ўғлингизни танимасам, сизни ҳам биринчи марта кўриб турган бўлсам" дедим. "Ака, биз учун шудоқ чиқасиз-да, "Жиянимизни табриклаб, бахт тилаб қоламан" дейсиз-да, кейин тинчгина овқатингизни еб ўтираверасиз, ярим соатгина вақтингизни аяманг, 200 доллар бераман" деди. Баъзи ўртоқларим "бормайсанми" деди. "Э, қўйинглар" дедим.

Хонандалар устидан пул сочиш-чи?! Ҳокондозда пул сочиш... Шармандалик эмасми бу?! Бу бизга теккан иллат. Бу фақат бизнинг миллатимизда бўлаётган нарса. Дунёнинг етакчи миллиардерлари рўйхатига кирувчи япон ишбилармони, NNH компанияси раҳбари Тошкентда бўлганида кўришдик, уйимга келди - оддий 3 хонали уй, келиб "Уйинг жуда катта-ку" деди. "Устимдан куляпсизми, нимаси катта?" дедим. Атиги 29 квадрат метр бўлса. "Йўқ, бу японлар учун жуда катта" деди. Бир ойдан кейин Японияга таклиф қилди. Зиёфат уюштириб, сўнг "Юр, сенга қандай яшашимни кўрсатаман" деди. Ичимда "Ҳозир бир саройга олиб борса керак" деб ўйладим. 40 қаватли уйнинг 22-қаватидаги 3 хонали уй экан! Бир хонада - ётоқхона, бир хонаси - ишлайдиган жойи (китоблар, компьютер), учинчиси - меҳмонларни кутадиган хона (диван, кресло). "Кечирасизу, сиз Forbes рўйхатидаги миллиардер бўлсангиз" дедим. "Императоримизнинг саройи ҳам менинг уйимдан у қадар катта эмас" деди. Деразадан ташқарини кўрсатиб гадони кўрсатди-да, агар зиналаримни олтиндан ясатсаму, буни кўриб унинг кўнгли ўксиса, шу ўкинч менга ҳам ўтади, у ҳам япон" деди. Бу менга жуда катта сабоқ бўлди. Уларда бойликка, ҳашаматга ружуъ қўйишмайди. Саккиз марта бўлганман Японияда, ҳақиқатда шундай.

- Сиз топган пулларингизни нимага ишлатасиз? Режиссёрларни яхши пул топади дейишади-ку.

- Режиссёрларнинг 90 фоизи бой эмас. Ҳомийлар топилади, 1-2 ой "лағмон осиш" жараёни кечади "Ака, зўр кино бўлади, прокатда ютамиз" дегандек. "Қанча?" "А ол мана 50 минг". Олади ўша пулни, ўша куннинг ўзидаёқ ярим пулни ўзига сарфлайди - машина ё уй олади. Пулнинг ярми қоладими? 2-3 та бир кўйлакда чиқиб юрадиган актёрларимиз бор, "юлдузчаларимиз", мен уларни актёр сифатида тан олмайман. Улар "дастхат беринг" деб югуриб юрадиган 14-15 ёшли қизчаларнинг онгига мослаб яратилган фильмларда ўйнайди.

- Лев Дуров бир фикрни айтган экан: "Ахмоқона фильмда роль ўйнаган актёрни айбламанг. Айнан ахмоқона фильмда ўйнаганлар тез танилади". Бу нечоғлик ҳақиқат билмадиму, бу фикрга қўшилмайман, лекин одамлар кассабоп фильмларга жуда кўп тушяпти, шундай бўлса-да, улар танқид остига олинади. Фалсафий фильмларда эса бунинг акси. Бу борада Зулфиқор Мусоқовнинг ўз фикрлари бор.

- Ҳеч кимнинг шахсий студияларга қаршилиги йўқ, лекин уларнинг халқни бир тийинга қиммат ғоялар билан заҳарлашга ҳаққи йўқ! Бу менинг шахсий фикрим. Афсуски, бу фильмларнинг ҳаммаси бир хил - бир хил актёрлар, бир хил актрисалар, мавзу ҳам, сюжет ҳам бир хил, ҳаттоки кўйлаклар ҳам бир хил. Бу энг катта касаллик. Ўшалар ҳаммадан кўп пул топади. Қизларга ёқадиган чиройли 2-3 йигитимиз бор, йигитларимизга ёқадиган қариб бораётган "юлдузчалар"имиз бор - у ёққа боради қошини қоқиб, бу ёққа боради, яхши актрисалар ўзини гумдон қилмоқда. Мен улар билан ишламайман, билишади.

- Лекин томошабин шундай фильмларга тушмоқда...

- Афсуски, ҳа. Аниқ эсимда ўша пайтлар, 2005 йилда ёш бўлган томошабин бугун тахминан 20 ёшга кирди. Уларнинг онги, диди умуман бузилган.

- Ёшлар орасида ҳам профессионаллар бор. Кимларни тан оласиз, ҳурмат қиласиз режиссёрларимиздан?

- Аюб Шахобиддинов, Ёлқин Тўйчиев - уларнинг профессионаллигини тан оламан, лекин уларнинг ички, бадиий дунёси менга яқин эмас. Яқинда Александр Гомеровни яхши бир ҳужжатли фильмини кўрдим. Фильм афғон урушидаги оёқ-қўлсиз қолган ветеранлар ҳақида. Очиғини айтаман, мен йиғлаб юбордим. Режиссёрнинг биринчи ҳужжатли фильми экан.

- Ўғлингиз сизнинг соянгизда Темур Мусоқов бўлдими?

- Йўқ. "Осмондаги болалар"дан кейин у ўз хоҳиши билан режиссёрлик факультетига ўқишга кириб битирди. Бирорта фильмида ярим соат ҳам, бир километр нарида ҳам турмаганман. Суратга олиш гуруҳи гувоҳ. Агар мен ўша ерда 15 дақиқа бўлсам, "Ҳа, дадаси олиб берган-да" дейишарди, унга оғир бўларди.

- "Кучли инсоннинг ортида кучли аёл туради" дейишади. Бунга қандай қарайсиз? Бирор жойда рафиқангиз ҳақида гапирмагансиз.

- Нима учун аёлим ҳақида кам гапираман? Биринчидан, иримчиман. Яхши оилам бор, Худога шукур, ўғлим, қизим бор. Ўғлимни уйлантирганман, шукур, мана келинимиз 12 йилдан бери биз билан яшайди. 2 неварам бор. Кўз тегмаслиги учун оилам ҳақида камроқ гапиришга ҳаракат қиламан.

- Оиланинг мустаҳкамлиги кўпинча кимга боғлиқ?

- Икки томонга боғлиқ.

- Ҳозир майда-чуйдаларга ажрашиб кетишяпти. Оилангизнинг мустаҳкамлигини нима ушлаб турибди деб ўйлайсиз?

- Аёлим билан 7-синфдан бери танишмиз. Шу болаликдаги муҳаббатимга институтнинг 4-курсида уйланганман. "Ҳар куни жаннатдек яшаймиз" деганларнинг гапига ишониш керак эмас. Ҳар хил кунлар бўлган - баъзан мен хато қилганман, баъзан у. Лекин Худога шукур ҳаммаси яхши. Шунинг учун оила масаласида бировга маслаҳат беришга ожизман. Фақат болаларим ва невараларимга маслаҳат беришни лозим топаман. Худога шукур, яқинларим соғ-саломат, тинч.

- Бахт тинчликдами?

- Уч нарса муҳим одамзот учун: авваламбор тинчлик! Доим айтаман, тинчлик бўлмаса, ҳеч нарса бўлмайди. Иккинчиси - соғлиқ, яқинларимиз соғлиги. Учинчиси, дил равонлиги.

- Кечиримли одаммисиз?

- Менга ёмонлик қилган одам билан умуман гаплашмайман, сўрашмайман ҳам.

- "Шундай яшаш керакки..." иборасини давом эттирсангиз.

- Шундай яшаш керакки, одамлардан камроқ қарғиш эшитиш керак. Бировнинг қарғишидан ёмон нарса йўқ.

- Француз режиссёри "Мен инсонларни уч тоифага бўламан - ақллилар, ихтирочилар ва бошқалар" деган экан. Сиз ўзингизни қайси тоифага қўшасиз?

- Бошқаларга! Ўзимни ақлли ё ихтирочи дейиш тўғри бўлмайди.

Шунингдек Зулфиқор Мусоқов суҳбат давомида режиссёр профессионал сифатидаги вазифасини қанчалик бажаргани, ўзининг Амир Темур тўғрисидаги нуқтаи назари, неваралари билан бозор қилишни яхши кўриши, ҳаётидаги сотқинликлар, нафақага чиқиши олдидан кечаётган ўйлар билан бўлишди. Суҳбат сўнггида Зулфиқор Мусоқов барчага тинчлик-тотувлик тилаб қолди.

"Афсуски, замонимиз жуда нотинч. Бутун бошли давлатлар йўқ бўлиб кетяпти. Мен ҳар доим айтаман - давлатимизга минг раҳмат, шунча йиллар давомида тинчликни сақлаб келиш - жуда катта гап. Оддий гап эмас, бу - энг катта бойлигимиз. Шундай экан, барчага тинчлик-тотувлик ва соғлиқ тилаб қоламан".

Мавзуга оид