Жамият | 13:32 / 04.09.2017
17395
9 дақиқада ўқилади

ИИВ журналистни таъқиб этмасдан, масалага қонуний ёндашса — ўзига ҳам фойда

1 август — тест синовлари ўтаётган кун репортаж тайёрлашимга тўсқинлик қилган ички ишлар органи подполковнигининг хатти-ҳаракатига Ички ишлар вазирлиги томонидан ҳозиргача ҳуқуқий баҳо берилган эмас. Дастлаб бу ҳақда веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқлар орқали хабар тарқатилган эди. 4 августда камина ИИВ вазирига очиқ хат билан мурожаат қилган эдим. Хатни, шунингдек, ИИВ виртуал қабулхонасига ҳамда вазирликнинг электрон манзилига жўнатдим. Бир ойдан ортиқ вақт ўтишига қарамасдан, ҳуқуқ ва тартиботга мутасадди бўлган давлат органидан жавоб йўқ. Буни қандай тушунса бўлади? Бу ниманинг аломати?

Аслини олганда, хабар эълон қилинган куннинг ўзидаёқ вазирлик кўрсатилган ҳолатга муносабат билдириши лозим эди. Бундай йўл тутиш барча ҳуқуқий демократик давлатлар учун одатий ҳол. Ўз ҳаракати билан подполковник нафақат менинг журналист сифатидаги фаолиятимга тўсқинлик қилди, балки «нима ёзишингиз ва кимга хизмат қилишингизни биламан», дея мени ҳақоратлади, ўзини таништирмасдан ва хизмат гувоҳномасини кўрсатмасдан у «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонун талабларини бузди.

Ана шу ҳаракати билан ички ишлар зобити Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «ура-урачилик», яъни мадҳиябозликни тугатиб, журналистлар ҳаётни бор бўй-басти, кам-кўсти билан кўрсатишга қилаётган чақириқлари, жамиятда шаффофлик ва ошкораликни таъминлаш йўлида қилинаётган ишларни тушунмаслиги ёки бундай сиёсатга қаршилигини намойиш этди. У мамалакатимизнинг халқаро имижига зарар етказганини англармикин? Нега дейсизми? Ахир, хорижлик ҳуқуқ посбонлари, қатор халқаро ташкилотлар оммавий ахборот воситаларининг қанчалик эркин эканлигини, мамлакатда қабул қилинган қонунлар доирасида фаолият юргизиши учун амалда қандай шароит яратилганлигини доимо кузатиб, мониторинг қилиб боради. Улар подполковникнинг қилган ишини ва энг муҳими, унга ИИВ томонидан ҳуқуқий баҳо берилмаганини тушуна олишмайди.

Нима, вазирлик шу йўл билан ўз ходимини ҳимоя қиляптими? Президент Шавкат Мирзиёевнинг 17 август куни ички ишлар органлари тизимида олиб борилаётган ишларнинг аҳволи, муаммолар ва келгусидаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида таъкидлаган қўйидаги сўзларидан кейин камина ИИВдан жавоб кутган эдим: «Ички ишлар органлари ходимлари содир этган жиноятлар яшириш, рўйхатга олмаслик ҳолатлари кузатилмоқда. Бу қоғозда жиноят кўрсаткичларини сунъий равишда пасайтиришга, ўз ходимларини ҳимоялашга уринишдан бошқа нарса эмас».

Соҳадаги аҳволни таҳлил қилар экан, давлатимиз раҳбари «барча камчиликлар аввало ички ишлар органларида кадрлар танлаш, жой-жойига қўйиш, қайта тайёрлаш бўйича ишлар аҳволининг қониқарсизлиги билан боғлиқ» эканлигини уқтириб ўтган.

Кўп йиллардан буён ўзим ҳам ҳайрон эдим: ички ишлар тизимида чуқур таҳлил қила оладиган, дўсту душманни ажратишга қодир раҳбару ходимлар йўқми? Нега бўлмаса, қонунни бузаётганлар, ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилаётган амалдорлар қолиб, ҳақ сўзни айтган журналистлар таъқиб қилинади? Буни ўз мисолимда кўрсатиб ўтишим мумкин. Президентимиз Самарқандга келиши арафаси 26–27 август кунлари телефон орқали бир йигит қаерда эканлигим, шу куни нима иш қилишим билан қизиқди. 28 август — Ш.Мирзиёев келадиган кун яна қўнғироқ бўлди ва икки киши кун давомида эшигимиз қаршисида «Жигули»да (давлат рақами 30 0 964 ВА) мени пойлаб ўтиришди. Кечқурун улар олдига бориб, «келинглар, чой қилиб берай» деб, иккаласини ҳам эсдалик учун суратга ҳам туширдим. Катталари сўзларимга эътироз билдирса, кўрсатишим мумкин.

Қўшнилардан бири ҳайрон бўлиб, «сизнинг нимангизни пойлайди, ҳамма кимлигингизни билади-ку, бунинг ўрнига икки ходим кунини мошинада ўтказгандан кўра, жиноятчиларга қарши курашса бўлмайдими» деса, бошқаси республикамиз бўйича жиноятчилик кўрсаткичлари камайган ҳолда, лекин Самарқанд вилоятида ошиб кетганини уқтирди. Афсуски, жиноят содир этганлар орасида ички ишлар органи ходимлари ҳам бор. Юқорида кўрсатиб ўтилган йиғилишда Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ана шундай ходимларга нисбатан 223та жиноят иши қўзғатилгани, 462 ходим интизомий жазога тортилганини қайд этган эди. Ундан олдинроқ, 9 февраль куни ички ишлар органлари фаолиятига бағишланган видеоселектор йиғилишида Президентимиз «Қонун ҳимоячиларининг ўзи жиноят содир этса, оддий одам дардини кимга айтиши керак?» деган эди.

Менга нисбатан таъқибнинг яна бир тури бу — блогимнинг ва Фейсбук ижтимоий тармоғининг блокланганлигидир. Кўпчилик блогимни очолмайди, ўзим эса 20 кунлардан бери Фейсбукни очиш учун бошқа йўлларни ахтаришга мажбурман.

ИИВдан жавоб бўлмаётганлигини мен бошқача талқин эта бошладим. У ердагилар мени ўз жавобларига нолойиқ, деб ҳисоблаган бўлишса керак. Вазирга, балки ундан ҳам юқорироққа менинг «айбларим» қайд этилган «докладной» юборилган бўлса керак. Биринчи «айбим» сифатида «ношукрлик» қилиб, танқидий мақолалар ёзишим кўрсатилган бўлиши керак. Таҳлил қила олишдан йироқ бўлган ходимлар блогимни бир кўздан кечиришсин қани, нима айб топа олишар экан? Шу йилнинг ўтган 8 ойи давомида 126та хабар ҳамда мақола эълон қилганман ва бу бир ойда деярли 16та материал дегани. Уларни дунёнинг 110 мамлакатидан кириб кўришган. Демак, камина мамлакатимиздаги янгиликлар билан ўз фуқароларимиз ва хорижликларни таништириш боришда ҳисса қўшиб келяпман. Нокамтарлик деманглар-у, айрим маош ва қалам ҳақи олиб ишлаётган ҳамкасблардан меҳнатим самараси каттароқ бўлса керак?

Тепадагилар учун иккинчи «айбим» сифатида вилоят ИИБ раҳбарлари халқаро ташкилотлар билан алоқам кўрсатилган бўлиши мумкин. Энг аввало шуни уқтиришим лозимки, мен ҳукуматимиз рухсати билан мамлакат ичида фаолият юритган халқаро ташкилотлар билан алоқа қилган эдим. Улар жумласига Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Конрад Аденауэр ва Евразия каби фондларни кўрсатиб ўтиш мумкин. Улар ташкил этган анжуман ва тренингларда қатнашдим, уларнинг гранти ёрдамида Ёш журналистлар мактаби ташкил этдим. Бу билан ўзбек, тожик, рус тилларида маҳаллий ОАВ учун кадрлар тайёрлашда маълум ҳисса қўшдим.

Шунингдек, АҚШ элчихонаси гранти асосида ҳам ёш журналистлар учун курслар ташкил этган эдим. Кейинги йилларда ушбу мамлакат элчихонаси ҳар бир-икки ойда бир марта ўтказаётган «Прессгап» номини олган матбуот анжуманларида бир қатор касбдошларим қатори қатнашиб келмоқдаман. Улар ҳақидаги ҳисоботларим билан блогимда танишиш мумкин.

Яна қандай «айбим» бўлиши мумкин? Буни балки вилоят ИИБ ёки ИИВ масъуллари тушунтириб беришар? Гап шундаки, ички ишлар зобитининг ўша ҳаракати фақат конкрет бир журналист, яъни каминага нисбатан қилинган қонунбузарлик сифатида эмас, балки бутун журналистикамизга ҳурматсизлик, ушбу касб вакилларини менсимаслик, деб талқин этилмоғи керак. Агар бизда журналистларнинг ҳақиқий ташкилоти бўлганда, журналистлар ҳамжамияти шаклланганда эди, бу аҳвол шундайлигича қолиб кетмаган бўларди. Зобитнинг хатти-ҳаракати атрофида кенг жамоатчилик фикри шаклланарди ва унинг хўжайинлари бунга ўз вақтида тўғри баҳо берган бўлишарди.

Ҳозир эса касбдошларим мендан «нима бўлди» деб сўрашади. Мен гап нима ҳақида бораётганлигини тушуниб, «жим-жит», деб жавоб қайтараман. Айрим журналистларнинг келгусида ўзини қандай тутиши ИИВнинг жавобига боғлиқ, десам муболаға бўлмайди. Агар мени таъқиб этишни давом эттириб, жазолаш измида бўлишса, дилини олдириб қўйган касбдошларим умуман овозини чиқармай қўяди. Агар подполковникнинг хатти-ҳаракатига кеч бўлса ҳам, қонуний баҳо берилса, тизимдаги барча ходимларга журналистлар билан қандай муносабатда бўлиш ўргатилса, аҳвол бошқача тус олади ва бу ички ишлар органи учун ижобий ўзгаришнинг омилларидан бирига айланади. Бежиз давлатимиз раҳбари ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштиришда кенг жамоатчиликни жалб этиш муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлаб ўтмаган эди-да!

Шавкат Мирзиёев ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида жумладан шундай деган эди: «Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш учун биз фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва аҳоли билан самарали ҳамкорликни кенг йўлга қўямиз».

 

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Мустақил журналист

Мавзуга оид