Жамият | 22:30 / 08.09.2017
15650
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоят мусиқали драма театрининг 103-мавсуми премьера билан очилди (фото)

Бугун, 8 сентябрь куни Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида янги «103-театр мавсуми» очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мавсум очилишида йиғилганларга ўтган 102-театр мавсуми мобайнида амалга оширилган фаолият, эришилган ютуқлар, саҳналаштирилган янги асарлар ҳақида қисқача маълумотлар берилди.

Жумладан, жорий йилда бўлиб ўтган «Эътироф-2016» Республика танловида Самарқанд вилоят мусиқали драма театрининг «Мирзо Улуғбек» спектакли «Йилнинг энг яхши спектакли», деб топилди.

Ўтган мавсумда машҳур спектаклларни саҳналаштириш борасида Республикада баракали ижод юритаётган режиссёрлар — Валихон Умаров, Баҳодир Назаров, Жўрабек Рўзметов, Овлақули Хўжақулиев, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев таклиф этилди ва улар билан ижодий ҳамкорликда ишланган.

Театрда «Устоз ва шогирд» маҳорат мактаби бир ой давомида ижодкор ёшларни бир жойга жамлаган. Республикадан таклиф этилган мутахассислар, устоз ва мураббийлар иштирокида саҳна нутқи, актёрлик маҳорати, режиссура иши, хор ва рақсдан маҳорат дарслари ўтилган.

Янги мавсумнинг очилиш маросимида ариялардан, мусиқали драмалардан парчалар куйлаб берилди. «Мирзо Улуғбек» спектаклидан саҳна кўриниши ижро этилди. Сўзга чиққанлардан «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси Ҳ.Нормуродов, таниқли адиб ва публицист Нусрат Раҳмат, чет тиллар институти профессори Юсуф Абдуллаев ва бошқа меҳмонлар театр жамоасига янги мавсумда ижодий зафарлар ва омад тилашди.

 

— Мавсум турк драматурги Тунжар Жужанўғлининг асари асосида режиссёр Валихон Умаров томонидан саҳналаштирилган «Кўчки» спектакли — психологик драма билан бошланмоқда, — деди театр директори ва бадиий раҳбари Баҳодир Шарофов. — Янги мавсумда репертуаримиздан 13та спектакль ўрин олган. Уларда ҳам театр ихлосмандлари ва томошабинлар эътиборига эзгуликни, юртпарварликни, инсоний фазилатларни камол топтиришга хизмат қиладиган, сермазмун, ҳаётий асарлар саҳналаштириш режалаштирилган».

 

Шуҳрат Шокиржонов,

KUN.UZ мухбири.

Мавзуга оид