Спорт | 11:24 / 08.09.2017
27740
3 дақиқада ўқилади

Самвел Бабаян: «Менинг давримда терма жамоа аҳил оилага айланди»

Ўзбекистон терма жамоаси собиқ бош мураббийи Самвел Бабаян истеъфога чиққач, баёнот берди.

«Авваламбор мухлисларни ишончини оқлай олмаганим учун улардан кечирим сўрамоқчиман. Ўтган йиллар мобайнида мураббийлар штаби билан бирга имкониятимиз даражасида катта ҳажмдаги ишларини амалга оширишга ҳаракат қилдик. Хусусан, терма жамоа бир аҳил оилага айланди. Бизнинг асосий мақсадимиз терма жамоани ЖЧга олиб чиқиб, жонажон Ўзбекистонимизда ҳам футбол ўйнай олишларини ва бу спорт турини яхши кўришларини намойиш этиш орқали юртимиз довруғини янада кўтариш эди.

Мен шу ўринда бизга етарли шарт-шароитларни яратиб берган ЎФФ президенти Мираброр Усмоновга миннатдорчилик билдирмоқчиман.

Биз турнирни жуда яхши бошлагандик ва гуруҳдаги 2 турдан сўнг гуруҳ пешқадамига айлангандик. Терма жамоадаги ишга бошқача ёндашув керак, яъни «спецефик» ҳисобланади. Бир сўз билан айтганда, натижа футболчилар соғлиғини қандай ҳолатда эканлигига ва ўз вақтида терма ихтиёрига етиб келишига боғлиқ бўлади.

Афсуски, шундан сўнг етакчи футболчиларимизни жароҳат олиши ёки терма жамоа ихтиёрига оптимал формада келмасликлари натижасида таркибда йўқотишларга учрадик. Бундан ташқари, баъзи ўйинларда шахсан менинг хатоларим туфайли ҳам айрим учрашувларда очколар йўқотдик. Шу билан бирга бизга кўплаб ўйинларда омад етишмади. Сўнгги дақиқаларда ўтказиб юборилган голлар фақат йўл қўйилган хатолар эвазига эмас балки омад деган нарсага ҳам боғлиқ бўлди.

Нима бўлганда ҳам мазкур босқичда иштирок этган футболчиларимиздан иборат жамоа Жаҳон футбол форумида иштирок этишга лойиқ эди. Мен ишонманки, бизнинг бош жамоамиз ЖЧ финал босқичида қатнашади ва бунинг учун бизда иқтидорли футболчилар жуда кўп.

Мен шу ўринда мухлисларимизни 2 йил мобайнида сўнгги тургача қўллаб-қувватлаб турганлари учун уларга катта раҳматлар айтмоқчиман.

Терма жамоада ишлаш ҳар қандай мутахассис учун катта фахр ва шу билан бирга катта жавобгарлик ва масъулият юклайди. Худо ҳаққи, шахсан мен бутун вужудим билан шу ишга ўзимни бағишлагандим.

Бизни эзгу мақсад сари, яъни ЖЧ финал босқичидан биттагина гол етишмади холос. Биз мундиалга чиқиш учун, мухлисларимизни бахтиёр қилиш учун барча ўйлаган ишларимизни қилдик, аммо...

Мен яна бир карра улардан узр сўрайман ва терма жамоамизни кейинги ўйинларда ғалаба қозониб, уларга фақат қувонч ва бахт олиб келишини тилаб қоламан», дея Бабаяннинг сўзларини келтирган «Интерфутбол» нашри.

Мавзуга оид