Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эркин Абдулаҳатов: Футболда иқлимий ва географик омилларни ҳам инобатга олиш керак
Футбол – миллионларни бирлаштирадиган ўйин. Айниқса, катта турнирлар, жумладан Жаҳон чемпионати ёшу қарини, эркаг-у аёлни, ҳар турли соҳа вакилларини қизиқтирадиган турнирдир. Ўзбекистон миллий жамоасининг Мундиалда илк бор иштирок этиши халқимиз орасида ушбу турнирга қизиқишни чандон оширди. Шу билан бирга, айрим соҳа мутахассислари футболчиларимизга ғалаба тилаш билан бирга, ўз соҳалари доирасида фойдали фикрлар ва маслаҳатлар билан ҳам бўлишиб туришибди. Улардан бири, сайтимизнинг доимий резиденти, метеоролог, иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов.
Ўзим футболга қизиқаман. 1998-2000 йиллардан бошлаб мунтазам катта турнирларни томоша қиламан. Ўйинларни касбим тақозоси билан ташқи об-ҳаво муҳити призмаси орқали ҳам кузатиб, ўйинчиларнинг ҳолатига ташқи таъсирни моделлаштириб юраман. Буни бутун дунё тан олган – ташқи муҳит футболчилар физиологиясига ва ўйинига 20-30 фоиз даражада таъсир кўрсатади. Совуқ ҳаво, иссиқлик стресси – терморегуляция футболчиларнинг ҳаракатларига, жумладан, тўп узатиш, прессинг қилиш, спринт кабиларга, шубҳасиз, таъсир қилади. Бу илмий жиҳатдан исботланган ва янгилик эмас.
Денгиз сатҳидан олинадиган баландлик ҳам шулар жумласидан. Кўпчилик тоққа чиққанида кислород етишмаслигини ҳис қилади. Дейлик, ўзимиздаги Амирсой ёки Арашанга чиққанингизда текисликдаги ҳаракатларингиз ва ердаги ҳаракатларда фарқ сезилади. Масалан, текисликда сиз 100 метрни босиб ўтишда 11-12 сония сарфласангиз, юқорида бу 15-16 сонияни ташкил қилиши мумкин. Чунки юқорида ҳавонинг босими пасаяди, кислород сийраклашади. Миллий жамоамиз ўйнаган Мексиканинг Мехико шаҳри денгиз сатҳидан 2240 метр баландликда жойлашган. Шунингдек, Толука шаҳри ҳам бор ва у 2660 метр юқорида. Бу Жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг юқори нуқтадаги стадионлар. Биз ўйнаган “Ацтека” стадионида 1970 ва 1986 йиллардаги Жаҳон чемпионатлари ўйинлари ҳам ўтказилган. Ўша пайтларда ҳам турли ОАВларда бу стадионларда ўйнаш қийинлиги ҳақида ўша ерда тўп тепган жамоалар вакилларининг гап-сўзлари ёритилган.
Таъкидлашим керак, мен бу омиллар ҳақида ўйиндан сўнг чиқиб айтмаяпман. Мен ўйиндан олдин бу ҳақда ижтимоий тармоқларда ёздим. Бундай баландликдаги ўйинларга футболчиларнинг тайёрланиши учун икки вариант бор: биринчиси, ўйиндан 48 соат аввал бориш керак. Бундай ҳолатда об-ҳаво ва босимга организм мослашади, холос. Бунда улар тўпга физик таъсир омилларини ўрганишга улгурмайди. Тўпни тепаётганда оддий текисликда қандай зарб бериш кераг-у, баландда қандай куч билан зарба бериш кераклигини ҳам ўрганиш лозим. Буни атрофлича ўрганиш учун эса ўша муҳитга 10-15 кун аввал бориш керак. Кўрган бўлсангиз, футболчиларимиз стандарт вазиятларда тўпни узатаётганда паслар жуда ноаниқ кетди. Тўп доим мўлжалланган масофадан ўтиб кетаверди, яъни футболчининг жамоадошига узатилган тўп аниқ бормай, 3-4 метр ва ундан узоқроқ масофага учиб кетаверди.
***
Португалияга қарши ўйинимиз қулай об-ҳаво шароитида ўтади. Ҳьюстонда усти ёпиладиган стадион. Унда кондиционерлар ишлайди ва 22-24 даражалаи комфорт муҳит бўлади.
Эркин Абдулаҳатовнинг фикрларини ҳавола орқали ўтиб, тўлиқ томоша қилишингиз мумкин. Биз эса бугунги ўйинда Ватанимиз жамоасини қўллаб-қувватлаб, унга омад тилаймиз.
Мавзуга оид
10:25
«Рақибдан қўрқмаймиз» – Каннаваро Португалия билан ўйин ҳақида
23:11 / 22.06.2026
Месси - жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг яхши тўпурар
22:45 / 22.06.2026
Португалия хатони кечирмайди. Қандай ўйнаймиз?
20:57 / 22.06.2026