Жаҳон чемпионатига чиқиш учун нима қилиш керак? Уч кун олдин бу саволга «Жанубий Корея дарвозасига биргина гол урилса кифоя» деб жавоб берилган бўларди. Энди эса, жавоб янада мураккаб – миллий чемпионатни яхшилаш, келишилган ўйинларга қарши курашиш, болалар футболини ривожлантириш, федерациянинг ҳар бир ходимини ишдан бўшатиш ва ҳоказо ва ҳоказо... Наҳотки футболимизда сўз бирикмасига айланиб кетган бу оғир вазифаларнинг салмоғи биргина гол билан тенг бўлса? Наҳотки биргина гол уришимиз учун шунча ишни амалга оширишга мажбур булсак?

Умумий жавоблар, катта муаммоларни кўтариш гўёки вазиятга чуқур баҳо берилаётгандек тасаввурни пайдо қилса-да, аслида таҳлил қилишга ҳалақит қилади. Айбдорларни терма жамоанинг, федерациянинг ва ҳатто футбол соҳасининг ташқарисидан қидиришга мажбур қилади, бу аҳволимизда бундан ортиғига ҳам лойиқ эмасдик, деб фикр юритишга ундайди.

Албатта, жавобларнинг барчаси тўғри, ҳар бир муаммо, ҳар бир нотўғри қарор  якуний натижага ўз салбий таъсирини ўтказмай қолмайди. Лекин бу муаммолар ҳақида фақат Жанубий Корея билан ўйинининг эртасига эмас, ҳар доим, ҳатто Жанубий Кореяни йирик ҳисобда ютаётган пайтимизда ҳам гапиравериш керак. Муаммо борми, якуний натижадан қатъи назар, уни ечишга ҳаракат қилиш, у ҳақида гапириш лозим бўлиб қолади. Терма жамоа муваффақиятсизликка учраганда эса, айнан терма жамоа, унинг раҳбарлари ва мураббийлари, футболчилари мунозаралар марказида бўлиши шарт.

Қизиқ-да, айб Бабаянда эмас, бошқа мураббий бўлганидаям, бундай шароитларда яхшироқ натижа қила олмасди, дейдиганлар чиқади, бошқа мураббийлар давридаям чиққан – қандай қилиб, терма жамоага таркибни танлаган, тактикани ишлаб чиққан, тайёргарлик режасини тузган ва ўйинга футболчиларни бошлаб тушган шахсда айб бўлмаслиги керак?

Ўз навбатида, барча муваффақиятсизликларни бир шахсга боғлаб қўйиш ҳам хато, бу ҳолатда бош мураббийни истеъфога чиқариш орқали, гўёки барча масалани ечгандек кўринамиз ва 4 йилдан кейин яна айни нуқтага қайтиб келишимиз турган гап.

Самвел Бабаяннинг истеъфоси муаммонинг ечими эмас, ундан кейин амалга ошириладиган бир неча ҳаракатлар занжирининг дебочаси бўлиши керакки, айнан шу масаладаги фикрларим билан ўртоқлашмоқчиман.  Яъни, мавзуга, мақола аввалида берилган саволга жавоб излаб кўрамиз.

1. Футболчиларимизнинг бугунги аҳволини терма жамоа ракурсидан ўрганиш

Мутахассислардан иборат илмий гуруҳ тузилади ва терма жамоамизга номзодларнинг умумий ҳолати чуқур таҳлил қилинади. Қайси футболчилар кейинги циклларда бизга ёрдам бера олмайди, қайси футболчилар уларнинг ўрнини босиши мумкин? Уларнинг ўйин услуби қанақа? Умуман миллатимизнинг, футболчиларимизнинг салоҳияти, жисмоний кўрсаткичлари, ўзига хосликлари қандай ўйинга мосроқ келади? Олдинги ўйинларда қайси чизиқлар бизга кўпроқ панд берди ва қайси нуқталарга урғу беришимиз керак? Ёшлар ва ўсмирларнинг умумий аҳволи қай даражада? Ҳали эътиборимиздан четда бўлган легионерлардан тортиб, олий лигадаги ҳар бир потенциал номзод, керак бўлса, юзлаб футболчилар устида таҳлилий ҳисоботлар тайёрланиши керак бўлади. Якунда, терма жамоамиз қандай футбол ўйнаши керак, футболчиларимиздан қандай фойдалансак, мақсадга мувофиқ бўлади, каби саволларга жавоб изланади.