Спорт | 18:38 / 29.04.2026
18353
1 дақиқада ўқилади

ФИФА ЖЧ-2026 иштирокчиларига тўланадиган мукофотларни оширди

Қарор Ванкуверда бўлиб ўтган ФИФА Кенгаши йиғилишида қабул қилинди.

Фото: ФИФА

ФИФА 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этадиган мамлакатларга 871 миллион доллар ажратилишини маълум қилди. Тегишли қарор Канаданинг Ванкувер шаҳрида йиғилган ФИФА Кенгашида тасдиқланди.

Кенгаш турнирда иштирок этувчи 48 та жамоа ўртасида тақсимланадиган соврин жамғармасини 15 фоизга ошириб, жами 871 миллион долларга етказишни маъқуллади.

Жумладан,

- ҳар бир жамоанинг турнирга тайёргарлик кўриши учун субсидия 1,5 миллион доллардан 2,5 миллион долларга оширилади;

- саралашдан ўтганлик учун мукофот пуллари 9 миллион доллардан 10 миллион долларга оширилади;

- қўшимча равишда жамоалар делегациясининг яшаши учун субсидия олади, шунингдек, барча иштирокчилар учун тахминан 16 миллион доллар миқдорида кенгайтирилган чипталар квотасига эга бўлади.

ЖЧ-2026 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. Ўзбекистон миллий жамоаси тарихда биринчи марта унда иштирок этади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид