Ўзбекистон | 19:08 / 11.09.2017
13264
12 дақиқада ўқилади

Фуқаролар ва юридик шахслар ҳуқуқ ҳамда эркинликларини самарали ҳимоя қилиш – судларнинг асосий вазифаси

Бугунги кунда мамлакатимизда судларнинг асосий вазифаси бўлган фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ — эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга олий қадрият сифатида қаралмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижасида судларнинг одил судловни амалга оширишдаги холислиги ва мустақиллиги кафолатлари ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва шу йил 7 февральда қабул қилинган 2017 2021 йилларда Ўз­бекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегия­си мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, одил судловни амалга ошириш жараёнларини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди.

Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланган.

Шу асосда ўтган қисқа давр­да Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг еттита моддасига ўзгартиришлар киритилди. Мазкур дастурий ҳужжат ва Президентимиз имзолаган тегишли қонун, фармон, қарор ва фармойишлар ижроси доирасида юртимизда суд-ҳуқуқ тизими тубдан қайта кўриб чиқилди.

Хусусан, суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий суди, фуқаролик, жиноят ишлари, маъмурий ва иқтисодий судлар фаолияти йўлга қўйилди. Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ва­колатли бўлган шаҳар ва туман маъмурий судлари ташкил этилди.

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, суд органлари томонидан айни бир вазифани такрорлаш ҳолатларига барҳам берилди. Яъни Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят ва Тошкент шаҳар судларининг ишларни назорат тартибида кўриш ваколатлари бекор қилинди.

Бу, ўз навбатида, суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини назорат тартибида кўриб чиқиш тартибини тезлаштириб, одил судловга эришиш даражасини оширди ва энг муҳими, фуқароларнинг устувор конституциявий ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга ҳуқуқий замин яратди.

Натижада, 2017 йил 1 июньдан шу кун­га қадар Олий суд томонидан 67 та фуқаролик иши, 77 та жиноят иши бўйича якуний қарорлар қабул қилинди.

Шунингдек, ўтган уч ой давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 59 нафар шахс оқланди.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш мақсадида эса, хўжалик судлари иқтисодий судларга айлантирилди ва айни пайтда улар туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари мақомида фаолият юритмоқда. Бундай ўзгаришлар, биринчи нав­батда, юртимизнинг олис ҳудудларида яшаётган фуқароларнинг ҳам одил судловга мурожаат қилиш имкониятларини янада яхшилашга қаратилган.

Ҳарбий судлар Мудофаа вазирлиги таркибидан чиқарилиб, Олий суд тизимига ўтказилганлиги ҳам суд ҳокимияти мустақиллиги принципига амал қилинишида муҳим омил бўлди.

Айни пайтда маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳу­қуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш, суд жараёнида тортишув принципини тўлақонли жорий этиш, аҳолига кўрсатилаётган юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш борасидаги ишлар янада такомиллаштирилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 13 июнь куни Тошкент шаҳрида суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этишга доир истиқболдаги вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузаси суд тизими ходимлари учун тарихий аҳамиятга молик воқеа бўлди.

Давлатимиз раҳбари томонидан судлар олдига қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида барча даражадаги судлар раислари, шу жумладан, Олий суд раиси ва ўринбосарлари томонидан юртимизнинг энг чекка ҳудудларигача бориб, ўтган қисқа давр­да 1 минг 625 та сайёр қабул ва фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ўтказилди. Бу, ўз навбатида, суд органлари ҳамда судьяларнинг халқ ишончини қозониши, одил судлов жараёнларида адолат, қонунийлик ва инсонпарварлик тамойиллари устуворлигини таъминлашида муҳим омил бўлмоқда.

Нега деганда, ана шу очиқ мулоқотлар ва сайёр қабуллар доирасида фуқароларнинг ҳуқуқий масалаларда тушунтириш бериш ё ёрдам сўраб ёки суд қарорлари ва ажримларидан норози бўл­ган, пенция ва иш ҳақи, оилавий муносабатлар, алимент, мерос ҳуқуқи, суд қарорлари ижроси ва бошқа шу каби кўплаб масалалар юзасидан мурожаатларининг аксарият қисми ижобий ҳал этилмоқда.

Айтиш керакки, давлатимиз раҳбари ўз маърузасида соҳада йўлга қўйилган хато ва камчиликларни рўй-рост кўрсатиш билан бир қаторда, истиқболдаги устувор вазифаларни ҳам белгилаб берди. Шундай муҳим вазифалардан бири — судьяларнинг ўз фаолияти юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ахборот бериши билан боғлиқ амалиётни йўлга қўйишдир.

Ўтган даврда суд раислари томонидан халқ депутатлари туман ва вилоятлар Кенгашларида 327 марта ахборот тақдим этилди. Энг муҳими, суд раислари халқ вакиллари олдида берган ахборотларида жойлардаги раҳбарлар эътиборини жиноятчилик ҳолати, унинг олдини олиш, турли оилавий ва бошқа низоларни бартараф этишга қаратишди ва бу келгусида албатта, ўзининг ижобий натижасини бериши муқаррар.

Айни чоғда, жойларда сайёр суд мажлисларининг тобора кенг кўламда ўтказилаётгани ҳам жамоатчилигимиз томонидан ижобий кутиб олинди.

Судлар томонидан жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллалар ва меҳнат жамоаларида 45 мингтадан ортиқ ишлар сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.

Шунингдек, судьялар томонидан халқ билан учрашув, очиқ мулоқотларда «Ҳаракатлар стратегияси»ни «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгилаб берилган қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш билан боғлиқ вазифаларнинг туб мазмун-моҳияти ва аҳамияти кенг жамоатчиликка етказилди.

Мамлакатимиз суд тизими раҳбарлари ва судьялари билан аҳоли ўртасида шу каби очиқ мулоқотларнинг доимий ўтказилиши, бир томондан, жойларда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда амалий натижаларга эришиш имконини бераётган бўлса, иккинчи томондан, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жорий йил 1 апрелда кучга кирган «Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшим­чалар киритиш тўғрисида»ги қонун мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди.

Бу, айниқса, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигига эришиш, жамиятда қонунийликни таъминлаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилиниши кафолатларини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашда яққол намоён бўлмоқда.

Президентимизнинг жорий йилнинг 21 февральида қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида эса, суд ҳоки­мия­тининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суд тизими ва фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича тарихий ўзгаришлар назарда тутилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси тугатилиб, судьялар ҳамжамиятининг янги органи ҳисобланадиган Ўз­бекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди.

Бундан кўзланган асосий мақсад — юртимизда суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган ҳамда номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, судья­ларнинг мазкур жараёндаги иштирокини кенгайтириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш учун масъул бўлган органнинг мақоми ҳамда ваколатларини оширишдир.

Бинобарин, адолатли қарорлар қабул қилишга қодир бўлган, мустақил, турли хил таъсирларга қарши тура оладиган юксак малакали, ҳаёт тажрибасига эга судьялар корпусини шакллантириш бугунги куннинг талаби ҳисобланади. Мамлакатимиз раҳбари ўз маърузасида суд ходимлари олдига бу борада қатъий ва адолатли мезонларни белгилаб берди. Яъни судьянинг онгида — адолат, тилида — ҳақи­қат, дилида — поклик бўлиши кераклигини қайд этдилар.

Ҳозирги вақтда суд тизимида ишлайдиган ходимларнинг таркиби давр талаблари негизида кўриб чиқилмоқда, махсус таълим муассасаси — Одил судлов академиясини ташкил этиш бўйича қизғин ишлар давом эттирилмоқда. Булар, албатта, соҳани зарур талабларга жавоб берадиган муносиб кадрлар билан тўлдиришда катта ўрин тутади.

Албатта, ҳар қандай соҳа фаолиятининг ривожида танқидий-таҳлилий ёндашув ўта муҳим аҳамият­га эга. Шу нуқтаи назардан, Олий суд Пленумининг 2017 йил 24 июньдаги қарори билан “Чора-тадбирлар режаси ва тизим зиммасига юкланган вазифаларни зудлик билан ҳал этишга қаратилган ”Йўл харитаси” тасдиқланиб, унда режалаштирилган тадбирлар ижроси таъминланмоқда.

Узоқ вақтдан буён ўз қонуний ечимини топмаган айрим оғир тоифадаги жиноий, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни Олий судда биринчи инстанцияда кўриш амалиёти йўлга қўйилиб, 7 та жиноят иши, 8 та фуқаролик ва 4 та иқ­тисодий ишлар кўриб тамомланди.

Ўз навбатида, жазо тайинлаш амалиётидаги ўзгаришлар хусусида гап борганда, аввало, ўтган даврда 745 нафар шахс суд залидан ҳибсдан озод этилганлиги, 2 минг 369 нафар шахс — жазони ўташ жойларидан шартли равишда муддатдан олдин озод этилганлиги, 1 минг 490 нафар шахсга нисбатан белгиланган жазо чоралари енгил жазо билан алмаштирилгани халқи­мизга хос бағрикенглик, кечиримлилик, адашганга тўғри йўл кўрсатиш, йиқилганни суяш каби азалий қадриятларнинг амалий ифодасидир.

Шунингдек, бу жазодан кўзланган мақсад — шахсни қийнаш, жазолаш эмас, балки уни тарбиялаш, жамиятимизнинг соғлом фикрли аъзосига айлантиришга қаратилган давлатимиз сиёсатининг яна бир амалий кўринишидир.

Президентимиз давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи бўлган суд тизимининг жамият ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти ғоят катта эканини алоҳида таъкидлаб келаётгани бежиз эмас. Шу нуқта назардан, айни вақтда жиноятчиликнинг олдини олиш ва бу борадаги ишларни маҳалла, корхона ва ташкилотларда сайёр суд мажлисларида кўриш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда ўтказилаётган тегишли тушунтириш, давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар натижасида жамиятимизда жиноятчилик тобора камаяётганлиги ўта муҳимдир.

Судлар фаолиятидаги ошкоралик, очиқлик ҳам бевосита адолатли қарорлар чиқарилишига ва натижада элу-юрт наздида, суднинг нуфузи ошишига олиб келади.

Хулоса ўрнида айтганда, судларнинг бугунги асосий вазифаси фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш, судни том маънода адолат қўрғонига айлантиришдан иборатдир.

Азиз Обидов,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот котиби

Мавзуга оид