Жамият | 09:00
851
1 дақиқада ўқилади

Фирибгарлар суд органлари номидан СМС юбормоқда

Суд органлари фуқароларни эҳтиёткор бўлишга чақирди. Сўнгги вақтларда судлар номидан юборилаётган сохта СМС-хабарлар орқали шахсий маълумотларни қўлга киритиш ва фуқароларни фирибгарлик домига тортиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Маълум қилинишича, айрим шахслар суд органлари номидан СМС-хабарлар тарқатиб, фуқароларни шубҳали ҳаволаларга ўтишга ундамоқда. Бу каби хабарлар орқали шахсий маълумотлар, банк карталари реквизитлари ва бошқа махфий маълумотларни қўлга киритиш мақсад қилинган бўлиши мумкин.

Шу муносабат билан суд органлари суд ишларига оид барча расмий хабарлар эндиликда фақат «СУД» номидан юборилишини маълум қилди.

Фуқаролардан номаълум ҳаволаларга кирмаслик, шахсий маълумотларини учинчи шахсларга тақдим этмаслик ҳамда фақат расмий манбалар орқали олинган ахборотларга ишониш сўралмоқда.

Судлар шубҳали хабарлар келиб тушган тақдирда уларга жавоб қайтармаслик ва ҳаволаларни очмасликни тавсия этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид