Ўзбекистон | 15:25 / 12.09.2017
38247
3 дақиқада ўқилади

Янги ички ишлар вазирига журналистнинг янги мурожаати

Орадан 40 кун ўтганига қарамасдан, Ички ишлар вазирлиги самарқандлик подполковникнинг хатти-ҳаракатига қонуний жавоб қайтармади ва менинг мурожаатимни жавобсиз қолдириб, ўзи ҳам мавжуд қонунчиликни бузди. Энди янги тайинланган вазир Пўлат Бобожоновга мурожаат қилмоқдаман, деб ёзади самарқандлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаев ўзининг Фейсбукдаги шахсий саҳифасида.

Ҳурматли Пўлат Раззақович!

Сизга янги тайинланган вазир сифатида 40 кун давомида кўриб чиқиши пайсалга солиб келинаётган иш бўйича мурожаат қилишга қарор қилдим. Сиз ҳақингизда, Сизнинг ҳар ишни адолат мезонига таянган ҳолда ҳал этишингизни, ҳалол инсонлигингизни эшитиб, профессионал фаолиятим билан боғлиқ масалани одилона ҳал этилишига менда ишонч пайдо бўлди.

Воқеа тафсилотини ёзиб ўтирмайман. Бу ҳақда 1 август куни турли веб-сайтлар хабар тарқатди, менинг ўзим 4 августда ички ишлар вазирига очиқ хат билан мурожаат қилдим. Хатни, шунингдек, ИИВ виртуал қабулхонасига (мурожаатим ИИВда 4579/17 рақами остида рўйхатга олинган) ҳамда вазирликнинг электрон манзилига жўнатдим. Шунча вақт ўтишига қарамасдан, ҳуқуқ ва тартиботга мутасадди бўлган давлат органидан жавоб йўқ. Буни қандай тушунса бўлади? Бу ниманинг аломати?

Нега 1 август — тест синовлари ўтаётган кун репортаж тайёрлашимга тўсқинлик қилган ички ишлар органи подполковнигининг хатти-ҳаракатига Ички ишлар вазирлиги томонидан ҳозиргача ҳуқуқий баҳо берилган эмас? Ўз ҳаракати билан подполковник нафақат менинг журналистик фаолиятимга тўсқинлик қилди, балки «нима ёзишингиз ва кимга хизмат қилишингизни биламан» деб, мени ҳақоратлади, ўзини таништирмасдан ва хизмат гувоҳномасини кўрсатмасдан у «Ички ишла органлари тўғрисида»ги Қонун талабларини бузди. Шунингдек, у фотоаппаратимдаги суратларни ўчириб, менинг мулкимга зарар етказди.

Мен журналист сифатида очиқ фаолият юргизяпман. Нега орқамдан ИИБ ходимлари пойлаб юришади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Самарқандга келган кунлар кузатиш айниқса кучайди. Ҳовлимиз қаршисида «Жигули»да (давлат рақами 30 O 964 ВА) мени пойлаб ўтирган икки кишининг суратини илова қиляпман. Нима, давлатимиз раҳбари билан учрашиб қолмасин, бор камчиликларни айтмасин деб, мени пойлашдими ёки бу ерда бошқа гап борми?

Вазирликдан жавоб оламан, сизлар томондан ҳолатга холис баҳо берилади, деган мақсадда шу вақтгача прокуратурага мурожаат қилмаган эдим. Энди нафақат подполковникнинг хатти-ҳаракатига, балки ИИВга 4 август куни қилган мурожаатимга шу вақтгача жавоб қайтармасдан, мавжуд қонунчиликни бузганлиги учун қонуний баҳо берилишини сўраб, Бош прокуратурага мурожаат қиламан.

Ҳурмат билан,

Тошпўлат Раҳматуллаев,

журналист.

Мавзуга оид