Жамият | 20:41 / 12.09.2017
11594
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятида босқинчилик содир этган уч йигит ушланди

Фото: KUN.UZ

Самарқанд вилояти ҳудудида жорий йилнинг ўтган саккиз ойи мобайнида босқинчилик жиноятлари сони кескин пасайишига эришилган бўлса-да, лекин барибир бундай қабиҳ ишга қўл урадиганлар учраб турибди, дея KUN.UZ мухбирига маълум қилди Самарқанд вилоят ИИБ матбуот хизмати.

2 сентябрь куни Иштихон тумани, Мирзо қишлоғида яшовчи, 1958 йилда туғилган Аъзамхон Ражабов ўзига тегишли «Нексия» автомашинасида Тошкент шаҳридан 3 нафар нотаниш йигитларни миндириб, уларни Оқдарё тумани Лойиш шаҳарчасигача элтиб қўйишга келишишади.

2 сентябрдан 3 сентябрга ўтар кечаси, тунги соат 01:00 атрофида автомашина Булунғур туманидаги «Фозил Йўлдош» МФЙ ҳудудига етиб келган вақтда, йигитлар машинани тўхтатишади ва ҳайдовчи А.Ражабовни уриб, рулни тортиб олиб, «Янгиариқ» маҳалла ички йўлига бошқариб кетади.

Босқинчилар автомобил юк бўлмасида бўлган 650 минг сўм пулни, ҳайдовчининг пайпоғига яширилган 1850 АҚШ долларини, автомобилдан 1 дона навигатор қурилмаси ва 1 дона «Нокиа» русумли уяли телефонни ҳам олиб қўйишади.

А.Ражабовнинг босқинчилар томонидан унга нисбатан амалга оширилган ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан ички ишлар идораларига ёзган аризаси бўйича Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармасининг жиноят-қидирув бошқармаси томонидан ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органларини жалб этилган ҳолда тезкор тергов-қидирув ишлари олиб борилади.

Тезкор суриштирув-қидирув ишлари натижасида ушбу жиноятни содир этган шахслар Тошкент шаҳрида қўлга олинди. Жиноят Оқдарё туман Лойиш шаҳарчасида яшовчи, 1992 йилда туғилган вақтинча ишсиз С.Ф., Тошкент вилояти Пскент тумани «Оқтепа» маҳалласида яшовчи, 1999 туғилган Б.М. ва Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани «Хонобод» маҳалласида яшовчи, 1987 йилда туғилган Б.Ф. томонидан содир этилганлиги маълум бўлди.

Уларни қулга олиш жараёнида унидан А.Ражабовга тегишли автомобилдан олинган «Lexand» русумли навигатор ашёвий далил сифатида олинди. Айни пайтда қўлга олинган шахслар устидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ш.Шокиржонов,

KUN.UZ’нинг Самарқанддаги мухбири.

Мавзуга оид