Ўзбекистон | 19:52 / 13.09.2017
79568
6 дақиқада ўқилади

«Ҳолвани ҳоким ейди, калтакни устоз». Трендда қандай мавзулар?

Шу кунларда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг диққат-эътибори икки ҳодисага қаратилди. Ўтган ҳафтанинг «хит мавзулари»нинг биринчи қаторида ош билан ўрнатилган рекорд, одамларнинг нафс илинжидаги талотўпи ва ур-йиқити эди. Буни қарангки, мавзу зум ўтмай буткул ўзгариб кетди. Ҳозир ҳамма ўша воқеаларни унутиб, Сирдарё вилояти Сайхунобод туман ҳокими Носиржон Эгамбердиевнинг мактаб директорларини савалагани асосий муҳокама мавзусига айланди. Шу куни Kun.uz сайтида яна бир видеолавҳа эълон қилинди. Бу хизмат вазифасини бажариш вақтида беморнинг отаси томонидан калтакланган шифокор Зафар Қаюмов ҳақидаги воқеа.

Ижтимоий тармоқларни кузатиб, одамларнинг дунёқараши, ҳис-туйғулари, кайфияти қандай эканини илғаш мумкин. Энг муҳими, одамлар бугун барча демократик жамиятларда бўлгани сингари ҳар бир воқеиликка у ёки бу даражада ўз муносабатларини билдирмоқда. Бу орқали мамлакатимизда ҳам фуқаролик жамиятининг муҳим унсури сифатида қараладиган Жамоатчилик назорати шаклланиб борётганини кўрсатмоқда. Тармоқлар оралаб, одамларнинг энг қизиқ ва жўяли фикрларини йиғиб чиқдик.

Тармоқларга қармоқлар: 

Абдулазиз Муборак: 
Ҳолвани ҳоким ейди,
Калтакни устоз...! 
(Бугунги кун мақоли!)

Санжар Саид: Бу аудиони охиригача эшитишга тоқатим етмади. Шифокорларни давлат, ижро ҳокимияти бир томондан қийнаётган бўлса, халқ иккинчи томондан зўрлаяпти. Бу қандай бедодлик, бу қандай золимлик, бу қандай адолатсизлик?! Портал кимларни ҳимоя қилиб, кимларни жазолаяпти? Қани ички ишлар, қани прокуратура? Ўқитувчи билан шифокорни ҳимоя қиладиган мард қолдими?

Абдулмажид Зайниддин ўғли: Мана, нима учун бокс ривожланган, фан ривожланмаган! 

@udachnik__1:
-  Ие, домла,кўзиз кўкарибдими? 
- Ҳа, яқинда мустақиллик байрами бўлувди... 
- Ҳечқиси йўқ, конституция байрамигача тузалиб кетади..

Умида Азиз: Ўғлингиз ҳоким бўлишини истайсизми? Унда уни ёшлигидан қўл жанги ва бокс спорт тўгаракларига беринг!!!

Шукуржон Исломов: Айб зўравон, ҳокимдамас, тарсаки еб лаллайиб турган директорларда. Урса ур, сўкса сўк, жонингни олмайди...

Фейсбукдаги изоҳлардан: 
- Узр, ўртоқ вазир «пахта» ҳақида нима дея оласиз?
- Мен халқ таълимига жавобгарман, пахтани қишлоқ хўжалиги вазиридан сўранг.
- А, ўқитувчилар пахтага чиқиши ва талабалар пахта йиғимига жалб қилинишига қандай қарайсиз? 
- Меҳнат вазиридан сўранг. Мен Олий ва ўрта махсус таълими вазириман.

Исломжон Қўчқоров: Биринчи айбинг — ўқитувчи эканлигинг. Иккинчи айбинг — директор бўлганинг. Учинчи айбинг — ҳоким бўлмаганинг...

Дима Қаюм: Талабларга биноан қўшиқлар
Пахтага чиқаётган ўқитувчилар учун Озодбек Назарбековни «Ҳоким қасам ичмайди...» Ия, узр! «Йигит қасам ичмайди, йигитнинг сўзи қасам!»
Калтак еган ўқитувчилар талабига биноан: «Кимлигини айтмайман!» (Охунжон Мадалиев)
Калтак еган доктор учун: «Бос, бос, қамчи бос!» (Ҳосила Раҳимова)
Доллар сотиб, нақд доллар сотиб ололмаётганлар учун: «Афсусдаман» (Манзура)
Қора бозорчилар талабига биноан: Озодбек ижросида «Кечир» қўшиғи!
Йўлар асфальт бўлади, деб ваъда бериб, лекин бажармаганлар талабига биноан: «Шаҳзод» гуруҳидан «Ўйнайсан» қўшиғи.
Чироқ-газчилар талабига биноан: Ю.Усмонова  ва Т. Содиқов «Ундан нимам кам».

Муслим Мирзажонов:Тошкент тиббиёт академияси ва Педагогика билим юртларига «Жанг санъати» деган курс қўшиш керакка ўхшайди...

Азиза Қурбонова: Ўқитувчи... Қўли қадоқ, юзи чандиқ ўқитувчи... Қачон сени кимлигингни тушуниб етарканмиз?

Олмосий: Агар шифокор биринчи ёрдам кўрсата олмаса, ундан хафа бўлиб юрманг. Ўша дарс пахта даласида ўтилган бўлади.

Бобуршах Икромов: Сен директорлар билан ҳали пахтада гаплашаман! (Сайхунобод тумани ҳокими)

Саид Комил Холхўжаев:
Ҳурматли Севастополь округ губернатори!
Бизким, Маориф министрлигининг округ бўлими вакиллари, аввалдан биздан ажраб кетган ва ўзини кўча супуришга бахшида этган устозлардан ўрнак олган ҳолда ўзимизни округнинг ҳар қандай ишларига тан маҳрамликка бахшида килдик. Гўштимиз сизники, суягимиз гўрники.
Ҳурмат билан,
Севастополь округ халқ маорифи бошқармаси ходимлари.

Фарида Маҳкамовна:
Аслида, ўқитувчини сўкиш, ҳақоратлаш, керак бўлса, дўппослаш, афсуски, жамиятимиз учун янгилик эмас. Дадам қирқ йил ўқитувчилик қилдилар. Шу даврда маълум муддат мактаб директори ҳам бўлганлар. Лекин 5 йил ишлар-ишламас, бу лавозимдан ўз хоҳиши ва қатъий талаби билан бўшаганлар. Бунинг сабабини ҳеч кимга изоҳламадилар ҳам. Фақат онам ва биз, фарзандлари билардик. Дадам дам туман, дам вилоят миқёсидаги уззу кун йиғилишлардан, мажлисбозликлардан безор бўлган, айниқса, пахта терими мавсумида ярим тунда туман ҳокимининг дўқ-пўписасию ур-ҳо-урлари билан ўтадиган узлуксиз бошоғриқлардан асабий бўлиб қолган эди. «Ўқитувчининг қадри йўқ-да!», дер эдилар.
Ҳа, ўқитувчининг қадри ҳозир ҳам йўқ. Йўқса, мансабнинг юкини кўтара олмаган...лар шу касб эгаларига қўл кўтарармиди?!
Ўқитувчи хор бўлса, шаъни оёқости қилинса, бу — маънавий таназзул демак. Маънавий таназзулга учраган халқни нималар кутади? Наҳот, ундан қутула олмасак?
Ўйлаяпман, зўравон ҳоким жазоланармикан ёки бу воқеани яширин (шубҳасиз!) тасвирга олган, ижтимоий тармоқларимизда шов-шувни келтириб чиқарганлар бошида таёқ синармикан? Буёғини энди кутамиз!!!

Мавзуга оид