Жамият | 16:53 / 08.10.2025
9609
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда пахта теримидан аёлларни миндириб қайтаётган Labo Cobalt билан тўқнашди

Фермер йўловчи ташишга мўлжалланмаган Labo’да теримчи аёлларни пахта даласига ташиган. ЙТҲ содир бўлганда машина бортида 16 нафар аёл бўлгани, уларнинг барчаси турли даражада тан жароҳати олгани айтилмоқда.

Фото: Kun.uz

Сурхондарё вилоятининг Бандихон туманида Labo ва Cobalt тўқнашди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Маълум бўлишича, ЙТҲ 3 октябр куни кечки пайт содир бўлган: фермер А.Ҳ. бошқарувидаги Labo қарама-қарши йўналишда келаётган Cobalt билан тўқнашиб кетган. Бу пайтда Labo машинаси бортида пахта теримидан қайтаётган аёллар бўлган.

ЙТҲ оқибатида фермер ҳамда теримчи аёллар турли даражада тан жароҳати олган. Улардан айримларининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Labo бортида ўндан ортиқ аёл бўлган. Фермер йўловчи ташиш мумкин бўлмаса ҳам Labo’да аёлларни пахта даласига ташиган. Қишлоқ ва фермернинг даласи ўртасидаги масофа тахминан 10 км атрофида.

ЙТҲда ўнга яқин аёл жароҳатланган. Улардан бири синглим. Ҳозир Шеробод туман шифохонасида. Елкаси синган. Шифокорлар жарроҳлик амалиёти ўтказиш зарурлигини айтмоқда. Яна бир аёлнинг тос суяги, бошқасининг қовурғаси синган. Айни пайтда фермернинг оиласидаги руҳий ҳолатни тушунамиз, бироқ жароҳатланган аёлларга моддий кўмак зарур”, дейди жабрланувчилардан бирининг яқин қариндоши Kun.uz журналисти билан суҳбатда.

Унинг қўшимча қилишича, фермернинг ўзи ҳам шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. ЙТҲда оғир тан жароҳати олганлар Термиз шаҳридаги шифохонага олиб кетилган.

3 октябр куни Аббос аканинг даласидан пахта теримидан қайтаётганимизда 16 аёл аварияга учрадик. Машинани фермернинг ўзи бошқариб келаётганди. Барчамиз жароҳатландик, лекин ёрдам беришмаяпти, ҳол-аҳвол сўрамади ҳеч ким. Яхшисан, деб шифохонадан жавоб бериб юборганди. Кеча хусусий клиникага бориб, аппаратга тушиб келдим, 4 та қовурғам синган деб чиқарди. Ҳамма аёллар жабр кўрган, кўпи операция бўляпти”, деган жабрланган аёллардан бири.

Яна бир жабрланувчи Салима Муродова эса фермернинг акаси жароҳатланган аёллардан 2 кун хабар олиб турганини, кейин у ҳам келмай қўйганини маълум қилган.

Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ҳозирча ҳолат юзасидан муносабат билдирмади. 

Мавзуга оид