11 сентябрь куни «Ўзбекистон» телеканалида намойиш этилган «Отин ойининг сўнгги ови» номли кўрсатув ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан тўхтовсиз муҳокама қилинмоқда, деб ёзади azon.uz сайти.

Фикр билдирувчиларнинг кўп қисми кўрсатувдан ғазабланганларини яшириб ўтирмаяпти. «Бу бечора мунис оналаримиз бундай нарсаларни етти ухлаб тушларида ҳам кўрмаган бўлсалар керак. Бу кетишда энди чойхонада китоб ўқиб ўтирган чолларни ҳам ҳибсга олинглар, жаноб изқуварлар! Улар ҳам жамиятимиз учун ўта хавфли «ҳуқуқбузарлар» бўлиши мумкин», — деб ёзади фойдаланувчилардан бири.

«Бизнинг болалик пайтларимизда «ҳуқуқбузар» деб ароқ ичиб муштлашган ёки йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчи каби шахсларга нисбатан айтиларди. Энди эса, бу атама дин-диёнатли пенсионер кекса аёлларга нисбатан қўлланиладиган бўлибди. На кулишни биласан, на йиғлашни...», — деб ёзади бошқа бир фойдаланувчи.

Фойдаланувчилардан яна бири «Жиноят"нинг олдини олишга ёрдам сўраган.

Жумладан у ўз сўзида, «Мен соҳамда кўп ютуқларга эришган Ўзбекистон фуқаросиман. Мусулмонман. Энди мен иш фаолиятимдан ташқари, бўш вақтимда Қуръон ўқишни ўрганмоқчиман. Қайга борай? Қани қонуний таълим? Қаерда бор қонуний таълим? Мен фуқаро ўлароқ Ўзбекистон ҳукуматидан диний таълим учун менинг эҳтиёжимни қондиришини талаб қиламан! Мен фуқаро ўлароқ Ўзбекистон ҳукуматини мана бундай «жиноят»ларнинг олдини олиш учун бутун мамлакат бўйлаб қонуний Қуръон таълимини йўлга қўйишни талаб қиламан. Шу давлат фуқаросиманми? Бошқа нима қилай, айтинг! Отинга бориб ўргансам — жиноятчиман, четга чиқиб ўргансам — хиёнатчиман. Нима қилай? Таълим олиш ҳуқуқимни талаб қилсам майлими? Жиноятнинг олдини олишга ёрдам беринглар!» деб ёзади.

Ўша фойдаланувчи ўз сўзларини давом эттирар экан кўрсатув ижодкорларига ўзининг саволларини йўллайди:

«Кўрсатувда фоҳишадан ҳам баттар жиноятчи қилиб кўрсатилаётган ёши катта аёллар шундай кўрсатувга лойиқмиди? Ўзбекистондаги конституцион тузумга таҳдид қилмаган, одам ўлдирмаган, танасини сотмаган, давлатнинг пулини еб кетмаган. Улар ҳам кимнингдир онаси, кимнингдир маҳрами-ку! Булар нима қилиб миллатни шарманда қилдики, уларни миллат олдига олиб чиқиб шарманда қилиняпти? Нега рўмолда юрганлар қора рангларда жиноятчидек кўрсатиляпти? Нимага омманинг фикри бундай разил усулда бошқариляпти? Қонунни бузган бўлса, жазосини олгандир. Нега бундай қабиҳ йўл билан кўрсатув тайёрланяпти? Жиноят сабабини ўрганадиган давлат институтлари қани? «Бу нима учун ноқонуний таълим оляпти», деган савол қачон кун тартибига қўйилади? Ким қўяди буни?»