Фан-техника | 08:33 / 13.02.2022
143342
6 дақиқада ўқилади

«Жосус» ижтимоий тармоқлар ва энг кучли смартфонлар рейтинги – ҳафта технологик дайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги энг қизиқарли технология ва илм-фанга оид хабарларни жамлади.

Фото: KUN.UZ

«Жосус» ижтимоий тармоқлар

YouTube ва TikTok фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини бошқа ижтимоий тармоқларга қараганда кўпроқ тўплайди, деб хабар бермоқда CNBC нашри URL Genius маркетинг компанияси тадқиқотларига таянган ҳолда.

Тадқиқот Аpple гаджетларида мавжуд бўлган App Activity Recording функциясидан фойдаланган ҳолда, 10 хил ижтимоий медиа иловалари: YouTube, TikTok, Twitter, Telegram, LinkedIn, Instagram, Facebook, Snapchat, Messenger вa WhatsApp’да ўтказилган.

Таҳлилчилар энг шубҳали иловалар сифатида YouTube ва TikTok’ни қайд этган. Ушбу платформалар бир ёқишда 14 тадан ташқи уланишни амалга оширган. Бу кўриб чиқилган бошқа иловаларга нисбатан икки баравар кўп. Facebook, WhatsApp, Snapchat ва Messenger бу жиҳатдан энг паст кўрсаткич (биттадан ташқи уланиш)ни намоён этган.

Қайд этилишича, YouTube фойдаланувчиларнинг маълумотларини асосан ўз манфаатлари йўлида: фойдаланувчига алоқадор рекламаларни намойиш этиш учун уларнинг жойлашган жойи, онлайн қидирув тарихи ва бошқа ҳаракатларини кузатиб боради.

Хитойнинг ByteDance технология гигантига тегишли бўлган TikTok эса ташқи манбаларга фойдаланувчиларнинг маълумотларини тўплаш имкониятини беради, бундан қандай мақсад кўзлангани эса номаълум. 

Янги Galaxy Tab S8 планшетлари

Samsung компанияси ўзининг янги Galaxy Tab S8 планшетлари туркумини тақдим этди.

Ундан учта —Galaxy Tab S8, Galaxy Tab S8+ ва Galaxy Tab S8 Ultra моделлари жой олган.

Планшетларга Snapdragon 8 Gen 1 процессорлари ўрнатилган бўлиб, тезкор хотираси 8, 12 ёки 16 Гб, доимий хотираси 128, 256 ёки 512 Гбни ташкил этади. Барча планшетларнинг олд камераси 12 Мп, асосий камераси эса 13 ва 6 Мпга тенг.

Galaxy Tab S8 11 дюймли LTPS-дисплейга, қолган икки қурилма эса 12,4 ва 14,6 дюймли Super AMOLED экранга эга. Планшетлар 45 Втли қувватлагич билан жиҳозланган, аккумуляторлари сиғими моделига қараб 8000 мА•с, 10 090 мА•с ва 11 200 мА•сга тенг.

Янги планшетлар сотуви март ойида бошланади.

Январь ойининг энг кучли смартфонлари

AnTuTu портали жорий йилнинг январь ойидаги энг кучли смартфонлар рейтингини эълон қилди.

Рўйхатнинг биринчи ва иккинчи поғоналарини iQOO 9 Pro вa iQOO 9 смартфонлари банд этган.

Шунингдек, кучли бешталикка Realme GT2 Pro, OnePlus 10 Pro ҳамда Xiaomi 12 Pro моделлари киритилган.

Мазкур смартфонларнинг барчаси Snapdragon Gen 1 процессори билан жиҳозланган.

TAG Heuer’нинг янги авлод «ақлли» соатлари

Швейцариянинг TAG Heuer соат бренди «ақлли» соатларнинг янги авлоди – Connected Calibre E4 моделини тақдим қилди.

Янги соатларнинг диаметри 42 ва 45 миллиметрни ташкил этади ва экрани ёқут кристалли билан ҳимояланган.

Шунингдек, Snapdragon 4100 Plus процессори, Bluetooth 5.0’ни қўллаб-қувватлаш ва кун давомида қайта зарядланмасдан ишлашни таъминлайдиган кенгайтирилган батарея тизими қўшилган. Соат янги магнит док-станция билан қувватланади.

Янги TAG Heuer соатлари 2022 йил март ойида сотувга чиқарилади. Диаметри 42 мм бўлган соат нархи 1,8 минг доллардан, 45 мм модель нархи эса 2 минг доллардан бошланади.

General Motors Spark, АвтоВАЗ эса Lada Granta ишлаб чиқаришни тўхтатмоқчи

General Motors (АҚШ) автоконцерни 2022 йилнинг августидан бошлаб Spark автомобили ишлаб чиқарилишини тўхтатади. Бу 2021 йилда ушбу моделнинг сотуви кескин пасайиб кетгани билан изоҳланган.

Ҳозирда компания учта русумдаги автомобиллар ишлаб чиқармоқда: Camaro, Corvette va Malibu.

«Ўзавтосаноат» ахборот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистонда Spark ишлаб чиқариш тўхтатилиши режа қилинмаган.

Шунингдек, АвтоВАЗ ҳам Lada Granta автомобиллари ўрнига 2023 йилдан бошлаб B-классидаги янги моделлар туркуми ишлаб чиқаришни йўлга қўяди.

Самолёт меҳмонхона

Францияда утилизацияга жўнатилиши лозим бўлган Airbus A380 самолёти меҳмонхонага айлантирилади, деб хабар берди Aerotime Hub.

Ҳаво кемаси 31та - стандарт икки ўринли, уч ёки тўрт кишилик ярим люкс ва иккита люкс номердан иборат бўлади.

Меҳмонхона мажмуаси таркибига шунингдек, 60 ўринли ресторан ҳам киради. 

Airbus A380 —Airbus S.A.S компанияси томонидан ишлаб чиқарилган дунёдаги энг улкан авиалайнер ҳисобланади. Унинг баландлиги 24, узунлиги 73 метр. Самолётнинг учта классдаги моделига 525 нафар, бир классдаги моделига 853 нафар йўловчи сиғади.

Маскнинг сайёралараро космик кемаси

SpaceX компанияси асосчиси Илон Маск Starship космик кемасининг янгиланган версияси тақдимотини ўтказди.

Starship тизими космик кема ва Super Heavy ташувчи-ракетасидан иборат. Ҳозирда компания тизимни кўп марта фойдаланиладиган қилиш ҳамда Ой ва Марсга парвозларни амалга ошириш устида иш олиб бормоқда. 

Кема космосга чиққанидан сўнг, ташувчи-ракета ажралади ва парвоз минорасига қайтади. Келгусида тизимдан ҳар 6-8 соатда фойдаланиш мумкин бўлади. 

Маскнинг таъкидлашича, Super Heavy ташувчи-ракетаси космосга учирилган энг йирик Saturn V ракетасидан ҳам кучлироқ. Ҳозирда ракета 29та двигателга эга, келажакда двигателлар сони 33та бўлиши мумкин.

Мавзуга оид