Кеча, 16 март куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов TikTok компанияси вице-президенти Тео Бертрам билан онлайн учрашув ўтказди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Учрашувда “Ўзкомназорат” ва Давлат персоналлаштириш маркази масъуллари ҳам қатнашган. Вазирлик ахборотида TikTok вакиллари Ўзбекистонда йирик лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдиргани айтилади.
“Учрашув давомида Ўзбекистонда платформадан фойдаланувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон қонунчилиги талабларини бажариш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Компания вакиллари платформа орқали тарқаладиган ҳар хил Ўзбекистон қонунларига зид материаллар тарқалишининг олдини олиш бўйича ҳамкорликда ишлашга тайёр эканлигини билдиришди”, – дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, вазирлик TikTok компаниясига Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очиш бўйича таклиф берган.
Мазкур учрашув фонида, 16 март куни бир неча соат давомида Ўзбекистонда Twitter ва TikTok VPN'сиз ишлай бошлади. 2021 йил ёзда блокланган платформаларнинг асосий саҳифаси гарчи муаммолар билан бўлса-да тўсиқсиз очилди. Лекин кечанинг ўзида бу платформаларга кириш яна чекланди.
Эслатиб ўтамиз, декабр ойида Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов ҳам TikTok расмийлари билан музокара ўтказганидан кейин ҳам TikTok маълум вақт VPN'сиз ишлаб кетганди.
2021 йил октябрда эълон қилинган қонун лойиҳасида, интернет платформалар фаолиятини блоклаш билан бирга, уларнинг тезлигини камайтиришга оид норма ҳам қўшилган. Лойиҳа парламентга киритилган-киритилмагани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.











