07:42 / 16.09.2017
2845

Исландия бош вазири навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказилишини эълон қилди

Фото: EPA/UPG

Исландия бош вазири Бьярни Бенедиктссон учта партиядан иборат бўлган ҳукмрон коалиция парчалангани сабабли мамлакатда навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказилишини эълон қилди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди.

“Биз кўпчиликни йўқотдик ва мен уни тиклаш учун имконият борлигини кўрмаяпман. Мен сайловлар ўтказилишини эълон қиламан”, деб айтган бош вазир. Бенедиктссон сайловлар ноябрда ўтишини маъқул кўришини таъкидлаб ўтган.

Исландиянинг ҳукмрон коалицияси 15 сентябрда ундан “Порлоқ келажак” партияси чиқиб кетишини эълон қилгандан кейин парчаланган. Партия бу қарорини бош вазир ва унинг ён атрофидагиларга ишонч йўқолгани билан тушунтирган.  

14 сентябрда мамлакат ОАВда бош вазир атрофида йирик можаро авж олган. Аниқланишича, бош вазирнинг отаси Бенедикт Свейнссон 2004 йилда балоғатга етмаган ўгай қизининг номусига теккани учун айбдор деб топилган дўстидан судланганлик олиниши ҳақидаги тавсияномани имзолаган.

Бьярни Бенедиктссон адлия вазири билан биргаликда отасининг бу қилмиши ҳақидаги ахборот оммага маълум бўлишига йўл қўймасликка ҳаракат қилганлар.

Исландияда аввалги сайловлар 2016 йил октябрда мамлакатнинг ўшандаги бош вазири Сигмундур Давид Гуннлёйгссоннинг Панамадаги офшорларга аралашгани сабабли истеъфога кетиши муносабати билан муддатдан аввал ўтказилганди.

Бьярни Бенедиктссон ҳукумати ҳокимият тепасида рекорд қисқа вақт – 247 кунгина бўлди.

Top