Жамият | 23:19 / 19.09.2017
7374
2 дақиқада ўқилади

Шотландиялик ер шарини велосипедда рекорд қисқа вақт ичида айланиб чиқди

Фото: Twitter/@MrMarkBeaumont

Шотландиялик Марк Бомонт ер шари атрофини велосипедда 79 кунда айланиб чиқиб, жаҳон рекордини ўрнатди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар берган.

34 ёшли эркакни бундай саёҳатга ёзувчи Жюл Верннинг "Ер атрофини 80 кунда" асари  илҳомлантирган. Бомонт ўз саёҳатини Парижда 2 июлда бошлаган ва 18 сентябрда яна шу ерда якунлаган. Велосипедчи кунига ўртача 370 км йўл ўтиб, саёҳати давомида 29 минг км йўл босиб ўтган. Сайёҳ ухлашга ҳар куни 5 соат ажратган. 

Бомонт Россия ва Мўғулистон орқали Хитойга етиб бориб, у ердан самолётда Австралияга келган. Сўнгра у Янги Зеландиягача етиб бориб, у ердан самолётда АҚШга келган. У Америкадан Канадагача, сўнгра Янги Шотландиягача етиб борган. Ва ниҳоят, сайёҳ Португалияга келиб, у ердан  Францияга қайтиб келган.

Фото: Twitter/@MrMarkBeaumont

"Бу менинг ҳаётимдаги энг узун 2,5 ой, энг тинкамни қуритган синов бўлди. Ҳар янги кун жисмоний ва ақлий бардошлигимнинг синови бўлди", деб айтган Бомонт финишдан кейин.

Шотландиялик сафари давомида бор-йўғи икки марта йиқилиб тушган. Улардан бири Россияда юз берган. Бу йиқилиш оқибатида сайёҳ тиш шифокорига мурожаат қилишига тўғри келган. 

Фото: Twitter/@MrMarkBeaumont

Велосипедчи ўзи ўрнатган аввалги жаҳон рекордини 44 кунга яхшилади. Бунгача Бомонт Ер атрофини 194 ва 123 кунда айланиб чиққан.

Мавзуга оид