Жаҳон | 02:13 / 20.09.2017
5087
2 дақиқада ўқилади

Мексикадаги навбатдаги кучли зилзила оқибатида 40 дан кўпроқ одам ҳалок бўлди

Фото: AP Photo / Rebecca Blackwell

Мексикада кузатилган навбатдаги кучли зилзила оқибатида Морелос штатида камида 42 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда штат губернатори Грако Рамирес твиттерда маълум қилди.

Рамирес ўз саҳифасида ҳалок бўлганлар ҳақидаги дастлабки маълумотлар берилган жадвални жойлаштирган. Унда 42 киши ҳалок бўлгани кўрсатилган. Яна камида 3 киши Пуэбла штатида ҳалок бўлган.

Мексикада 19 сентябрда 7,1 магнитудали зилзила содир бўлди. Зилзила UTC вақти бўйича соат 18.14да юз берган. Зилзила маркази Пуэбла-де-Сарагоса шаҳридан жануби-ғарб томонга 49 км ва Тепеохума аҳоли пунктидан 8 км узоқликда, ўчоғи 60 км чуқурликда бўлган.

Мамлакат пойтахти Мехикода ҳам кучли силкинишлар сезилган. Мехико фуқаролик мудофаа ишлари вазири зилзиладан кейин ёнғинлар чиққани, бинолар қулаганини маълум қилган. Унинг айтишича, вайроналар остида одамлар қолмоқда. Кўплаб кўчаларда ҳаракат тўлиқ тўсилган, катта тирбандликлар юзага келган. Маҳаллий аҳоли газ сизиб чиқиши ҳолатлари ҳақида хабар қилган. Бенито Хуарес номидаги Мехико халқаро аэропорти ўз ишини тўхтатган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид