Kun.uz Самарқанд вилоят руҳий касалликлар шифохонасида фаолият кўрсатаётган ходимлар (жами 14 киши) томонидан йўлланган мурожаат асосида журналистик суриштирув олиб бормоқда. Бундан аввалроқ текширувлар натижасининг биринчи қисми нашр қилинганди.

Суриштирувлар бошланганидан буён ўтган муддат ичида шифохона раҳбарлари ҳужжатлардаги камчилик-нуқсонларни тузатиш устида жиддий тер тўкишгани аниқ. Бироқ айрим хулосаларни чиқариш мумкин. Ҳужжатлардаги номутаносибликлар учун айбдор топилиши ва қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши керак, албатта. 

Масалан, шифохонага тегишли автомашиналарнинг ҳисобдан чиқарилишида тўғридан тўғри мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолати кўзга ташланмоқда.

15 бош қорамол тирик вазни 2016 йил 18 август куни 11 минг сўмдан баҳоланиб,  жами 17 млн 72 минг сўмга сотиб юборилган. Назаримизда, қорамолларнинг нархи пасайтириб баҳоланган. Қорамоллар 9 та она сигир, 1 та ҳўкиз ва 5 та урғочи бузоқ бўлгани ҳолда уларнинг умумий вазни 1552, яъни ўртача 101 килограммдан эканлиги бироз шубҳали. Пасайтириб баҳоланган ҳар қандай битим сохта битим ҳисобланади.

Суриштирувлар чоғида 810 беморга (ҳар бир бемор учун давлат томонидан кунига 46 минг сўм ажратилади) мўлжалланган шифохонада 525 та тўлиқ ставкада 786 кишининг ишлашига ҳам эътибор қаратиш керакка ўхшайди. Чунки бундан аввалги бошқарувда шифохонада ҳақиқий маънода руҳий хаста ва даволанишга муҳтож кишилар қолдирилган, бошқа 300 га яқин муваққат беморга жавоб берилган. Бемор ўринлари сони 500 тагача камайтирилган. Айни вақтда эса, койкалар сони оширилган. Боз устига, шикоятчилар ўз аризасида ставкалар қисқартирилишидан эмас, кўпроқ қисқартирилган ставкалар эвазига янги ходимлар ишга қабул қилинганидан ёзғиришган. Буни биз билан суҳбатда одамларни иш билан таъминлаяпман, деб бош врач ҳам қисман тан олди. 

Бизга тушунтиришларича, айрим руҳий касал бўлган беморларнинг оила аъзолари уларни шифохонага ётқизиб, ўзлари ойлаб хабар олмай юрадиган ҳолатлар бўлади. Стандарт ташхислаш ва даволаш ҳақидаги ССВ йўриқномасига кўра, асосий руҳий касаллар шифохонада 1 ой, узоғи 1,5 ой даволаниши керак. Фақат депрессив касаллар 3 ой ётиб даволаниши мумкин. Бемор яқинлари унга руҳий касаллиги учун давлат томонидан бериладиган нафақани ишлатиб юраверишади. Бундай беморлар ногиронлар мурувват уйларига ўтказилса, умрининг сўнгига қадар тўлиқ давлат ҳисобидан таъминланади. Бироқ қариндошлар нафақа пулидан қуруқ қолишлари сабабли бунга асло кўнмайдилар. Беморларга янгидан-янги, пайдар-пай улаб касаллик тарихи очилиб, шифохонада олиб қолинаверади. Иддао қилинишича, бу хизмат ҳам текин эмас.