11:08 / 22.09.2017
13901

Ургутда китоблар ва тўгараклар ярмаркаси бўлиб ўтди (фото)

Ургут туман ҳокимлиги, туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими, республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлими, маданият бўлими ҳамкорлигида «Фидойинг бўлгаймиз сенинг, Ўзбекистон!» шиори остида «Тўгараклар ярмаркаси» ташкил этилди.

Тадбир Президентимизнинг шу йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги Фармойишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, аҳоли, хусусан, мактаб ўқувчилари, ёшлар ва уюшмаган ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг қизиқишларига кўра замонавий тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида ташкиллаштирилди.

Унда тумандаги таълим муассасаларининг ахборот ресурс марказлари ўзларидаги мавжуд бадиий, илмий, сиёсий адабиётлар, мактаб ўқувчилари учун мўлжалланган дарсликлар ҳамда турли ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари билан иштирок этишди.

Шунингдек, «Баркамол авлод» болалар маркази туман бўлими қошида фаолият кўрсатаётган «Бичиш-тикиш», «Тўқиш», «Тасвирий санъат», «Моҳир қўллар», «Пазандачилик», «Қандолатчилик», «Фольклор», «Гиламдўзлик», «Ёш эколог», «Ёш табиатшунос», «Гулчилик», «Ёш ўлкашунос», «Оила ва саломатлик», «Бошланғич техник моделлаштириш», «Инглиз тили», «Ёш китобсеварлар», «Компьютер сабоқлари», «Болалар спорти ва бошқа тўгараклар аъзолари ўз фаолиятларини акс эттирувчи кўргазмалари билан иштирок этишди.

Бундан ташқари, тадбирда туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими қошидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида спортнинг шахмат-шашка, стол тенниси, бокс, каратэ, қўл жанги турлари бўйича шуғулланиб келаётган ёш спортчилар, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ўзларининг турли саҳналаштирилган бадиий чиқишлари, рассомчилик буюмлари кўргазмаларини ташкил этишди.

Тадбирга Cамарқанд китоб олами мажмуаси ҳамда тумандаги китоб маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар ҳам таклиф этилди.

Ўз мухбиримиз

Top