Ўзбекистон | 15:39
3940
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда темирйўл ўтказилган дамба ўпирилди

Самарқанддан Ургутга олиб борувчи ушбу темирйўл фойдаланишга топширилганига бир йил ҳам бўлмаганди. Лойиҳа тақдимотида темирйўл изларини сув оқимидан ҳимояловчи дамба қурилганига урғу қаратилганди.

Фото: Видеодан кадр

Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани ҳудудидан ўтган янги темирйўл тармоғида фавқулодда ҳолат рўй берди. Kun.uz ихтиёрига келиб тушган видеода дарё суви темирйўл ўтказилган дамбани ювиб кетгани, натижада релслар таянчсиз қолганини кўриш мумкин.

Ҳодиса Тойлоқ тумани Дўстлик маҳалласи ҳудудида, темирйўлнинг Зарафшон дарёси ёқалаб ўтган қисмида содир бўлган.

Видеода дарё суви релслар остидаги тупроқни ювиб кетгани туфайли темирйўлнинг мазкур қисми фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга келганини кўриш мумкин.

Мазкур ҳодиса рўй берган участка 2025 йил ноябрида фойдаланишга топширилган «Самарқанд – Ургут» янги темирйўл тармоғининг бир қисми ҳисобланади. Ушбу лойиҳа доирасида Самарқанд ва Ургут ўртасида 55,4 километрлик янги темирйўл қурилган, иккита вокзал, иккита тўхташ пункти, иккита кўприк ҳамда юздан ортиқ сунъий иншоотлар барпо этилган эди.

Эътиборли жиҳати шундаки, «Ўзбекистон темир йўллари» лойиҳа тақдимотида айнан Зарафшон дарёси қирғоғидан ўтган темирйўл изларини сув оқимидан ҳимояловчи дамба қурилгани ҳақида маълум қилганди.

Kun.uz ҳолат юзасидан батафсил маълумот олиш учун «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизматига сўров юборди.

Исомиддин Пулатов
Тайёрлаган Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид