Китобсиз келажак йўқ
“Бугунги болалар эртанги кун халққа айланади. Ёшларни китобга қайтаришимиз керак. Ахборот-коммуникация соҳасидаги охирги ютуқларни ўзлаштириш билан бирга, ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини кучайтиришга, уларнинг китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлади”.
Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг айтган бу сўзлари шунчаки шиорлар, баландпарвоз иборалар эмас. Балки, мамлакатда фармону қарорлар билан мустаҳкамлаб борилаётган ҳаёт-мамот масаласидир. Шу йилнинг 13 сентябрь куни қабул қилинган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарор ҳам мана шу улуғвор мақсадларнинг амалдаги ифодаси бўлди.
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ҳам бу борада бир қанча лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш арафасида турибди. Жумладан, тизимдаги нашриёт-матбаа ижодий уйлари “Ўзбекистон почтаси” билан ҳамкорликда “Почта орқали китоб” акциясини бошлаб юборишган.
Бунда нашриёт-матбаа ижодий уйларида нашр этилган китобларнинг каталоги яратилиб, “Ўзбекистон почтаси”га тақдим этилади. Бу аҳоли, айниқса олис ҳудудларда истиқомат қилаётган китобхонлар учун ҳар томонлама қулайликлар яратиши шубҳасиз, албатта. Дейлик, Ғафур Ғулом номидаги НМИУда чоп этилган китобдан асакалик, бойсунлик ёки шуманайлик юртдошларимиз “Ўзбекистон почтаси”нинг ҳудудий бўлинмаларидаги каталог орқали хабар топиб, почта орқали буюртма беришлари мумкин бўлади. Буюртма қилинган китоблар нашриётлардан тўғридан-тўғри харид қилиниши натижасида уларнинг нархи ҳам китоб дўконларидаги китоблардан анча арзонга тушади.
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ташаббуси билан Тошкент ва Нукус шаҳри ҳамда вилоятлар марказларидаги кўчалар, хиёбонлар, бозорлар, метро, автобус бекатлари, мактаб, лицей, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари ва бошқа аҳоли гавжум жойларга камида 2 тадан китоб тарғиботига бағишланган замонавий дизайндаги ижтимоий реклама баннерлари жойлаштирилади.
Ушбу баннерлар “Матбуот ва ахборот агентлиги тавсия этади” рукнида “Болангизга китоб совға қилинг!”, “Фарзандингизга китоб ўқиб беринг!”, “Набирангиз билан бирга китоб ўқинг!” сингари оилавий китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган тавсиялар ва улуғ алломалар, буюк адибу шоирлар, машҳур шахсларнинг кишини китобхонликка чақирадиган ҳикматлари билан тўлдирилади.
Бундан ташқари, марказий ва ҳудудий телерадиоканалларда машҳур санъаткорлар, театр ва кино актёрлари, спорт усталари иштирокидаги рекламалар тайёрланиши ва эфирга узатилиши режага киритилган.
Китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича бу каби амалий лойиҳалар агентлик томонидан мунтазам олиб борилади.
Мавзуга оид
20:17 / 05.11.2024
Маърифий фаолият билан рухсатсиз шуғулланганлик учун жавобгарлик белгиланди
17:18 / 05.11.2024
Рақобат кучли: Хитойдаги таълим тизими ёшлар орасида руҳий тушкунликка сабаб бўлмоқда
16:29 / 21.10.2024
Кадрлар тайёрлайдиган ягона техникумлар тармоғи ташкил этилади
13:34 / 07.10.2024