Light | 20:05 / 27.09.2017
22222
4 дақиқада ўқилади

Ҳамкасбларнинг ҳурматига қандай сазовор бўлиш мумкин?

Фото: Лайфхакер

Дунё хаёлпарастларга тўла. Атрофга қаранг - бизнес ва брендингга оид китобларни ўқишга кўп вақт ва пул сарфлайдиганлар ёки махсус ўқув семинарларига қизиқиб қатнаётганлар кўпайиб бормоқда. Шу китоблар ва семинарларда фойдали маълумотлар кўп бўлишига қарамай, аксарият ўзи орзу қилган муваффақиятга эриша олмайди. Бунинг сабаби эса оддий: улар бошқалар билан муносабатлари устида ишлашлари керак. Агар сиз "ҳаммасини тўғри бажариб", ҳануз мақсадингизга эришмаганлар орасида бўлсангиз, қуйидаги тавсиялар ҳамкасбларингиз орасида ҳурматга сазовор бўлишингизда ёрдам беради.

1. Қадр-қимматингизни сақланг

Бу нафақат нафис ҳаракатланиш, балки омма олдида ўзингизни қандай тутишингизни ҳам кўзда тутади. Ҳар қандай вазиятда ўзингизни муносиб тутишингиз, бошқалар билан хушмуомала бўлишингиз ва уларни ҳурмат қилишингиз зарур.

Кимлар учундир хушмуомалалик эскилик сарқити ва бефойда нарсадек туюлиши мумкин. Бироқ аслида бундай эмас. Агар сиз юқорида қайд этилган сифатлар эгаси бўлсангиз, у ҳолда такаббур, худбин ва агрессив одамлар орасида ажралиб турасиз. Бундай салбий хислатлар эгаларининг эса ҳурмат қозониши қийин.

Қадрингизни билиб ҳаракат қилинг, сўзланг ва ишланг. Масъулиятни ҳис қилинг ва мақсад сари интилинг.

2. Атрофингиздагиларни ҳурмат қилинг

Бошқаларга ҳурмат билан муносабатда бўлсангиз, одамлар сизни кўрганидан хурсанд бўлади. Улар сўзларингизга қулоқ тутиб, сизнинг хатоларга йўл қўйса-да, бундан сабоқ чиқара олувчи инсон сифатидаги ҳуқуқингизни ҳурмат қилишади.

Бошқаларга ўзлигини намоён қилишга имкон беринг. Улар сизнинг ёнингизда ўзларини қулай ҳис қилишлари керак. Ҳамкасбларингизнинг фикри ва шахсий чегараларини ҳурмат қилинг. Раҳбарлик лавозимини эгаллаганингизда ҳам, кимдир сабрингиз синаётгандек туюлганда ҳам шуни ёдда тутинг.

Ҳурмат билдириш сизнинг ҳар қандай хатти-ҳаракатларга чидашингиз кераклигини билдирмайди, албатта. Бу ўз "мен"ингизга қадр-қимматингизни оёқости қилиш ва обрўингизга путур етказишга йўл қўймаслигингиз кераклигини билдиради. Баъзан ўзингизнинг ҳақлигингизни охиригача исботлашга уринишингизга ҳожат йўқ, ҳатто ҳақиқат сиз томонда бўлса ҳам.

3. Имиджингиз борасида қайғуринг

Инсон ва профессионал сифатида қандай шахссиз? Ақлли, тажрибали ва жозибали бўлсангиз-у, бошқаларга қўпол муносабатда бўлсангиз, юқоридаги фазилатларингиз аҳамиятсиз бўлади. Одамлар сиздан юз ўгиради. Агар сиз дангаса ва тартибсиз бўлсангиз, ҳеч ким сиз билан ишлагиси келмайди.

Ташқи кўринишингиз қандай? Ҳамкасбларингиз билан қандай муомала қиласиз? Нутқингиз ишончли чиқадими? Унда паразит-сўзлар йўқми? Бировларнинг илтимосини кутиб ўтирмай, ишингизга қўшимча куч сарфлайсизми?

Ўйлаб кўринг, бошқалар сиз билан мулоқотни қандай қабул қилмоқда. Бу сизга зарурат туғилганда ўз хатти-ҳаракатларингиздаги хатоларни тузатиш имконини беради.

4. Бошқаларга осон деб ўйламанг

Ҳатто машҳур одамларда ҳам кундалик муаммолар бўлади. Ҳар бир инсоннинг ҳаётида парвозлар ва таназзул даври бўлади. Муваффақиятга эришган ҳамкасбингизнинг ҳеч қандай ташвиши йўқ, унинг омади келмоқда деб ўйламанг. Барчамиз мақсадларимизга эришиш ёки бошқаларнинг таҳсинига сазовор бўлиш учун астойидил меҳнат қиламиз.

5. Ўз ҳаётингизга ўзингиз хўжайин бўлинг

Ҳаёт ҳар доим ҳам осон ва ташвишсиз кечмаслигини унутманг. Қийинчиликлар олдида ўзингизни қандай тутишингиз ҳамма нарсага таъсир қилади - саломатлигингиздан бошлаб то нуфузингиз ва бошқалар билан муносабатларингизгача.

Ўз ҳаётингиз учун жавобгарликни ўз зиммангизга олинг. Ўзингизни қўлга олиб, олдиндан режалар тузинг, шарт-шароитларга мослашишни ўрганинг ва ўзингизни йўқотманг.

Сизни мақсадингиз сари олиб борувчи ишларга киришинг ва ҳеч қачон кўзлаган мақсадингиздан ортга чекинманг.

Мавзуга оид