10:24 / 28.09.2017
26122

Каттақўрғонда ишлаб чиқарилаётган мотоцикллар

Каттақўрғон шаҳрида «Hong Xiang Group» ўзбек-хитой қўшма корхонасида сўнгги авлоддаги юк мотороллерлари ва мопедларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, деб хабар беради «Самаркандский вестник» газетаси.

Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодиёт Миллий банки вилоят филиалининг 439 миллион сўмлик кредит маблағлари ва 1 миллиард сўмлик хорижий инвестициялар эвазига корхонада ўрнатилган замонавий хитой ускуналари билан йилига беш мингдан зиёд икки ва уч ғилдиракли мотоцикллар йиғиш мумкин.

— Биз Каттақўрғон транспорт касб-ҳунар коллежининг бўшаб ётган биносини ижрага олдик ва уни тўрт турдаги мотоцикл ишлаб чиқарувчи корхонага мослаштирдик, — дейди «Hong Xiang Group» ҚК раҳбари Бахтиёр Умрзоқов. — Ушбу коллежнинг талабалари ҳам эътибордан четда қолмади ва улар корхонамизда амалиёт ўташмоқда. Уларнинг энг тиришқоқларини йиғиш цехига ишга қабул қиламиз. Айни пайтда қўшма корхонамизда доимий асосда 25 киши меҳнат қилмоқда. 

Каттақўрғондаги қўшма корхонада ишлаб чиқарилаётган мотороллер ва мотоциклларнинг бошқа шу турдаги транспорт воситаларидан афзаллиги шундаки, улар 100 км йўлга маркасига қараб 1 литрдан 3 литргача ёқилғи сарфлайди.

Эслатиб ўтамиз, бир неча йил аввал Самарқанд шаҳридаги «Эл Холдинг» МЧЖда ҳам мототранспорт воситаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган эди. Лекин пайдо бўлган турли техник ва бошқа муаммолар сабаб бу лойиҳани амалга ошириш тўхтатиб қўйилган эди. Биз Каттақўрғондаги корхонани ҳам шундай тақдир кутмаяптими, деб савол бердик. 

— Ўйлашимча, бизга бундай таҳдид йўқ, — дейди Б.Умрзоқов. — Биринчидан, бизнинг хорижий ҳамкорларимиз бундай лойиҳаларни амалга оширишда бой тажрибага эга. Иккинчидан, юқори сифат ва техник характеристикалар маҳсулотларимизни ички бозорда ҳам, ташқи бозорда ҳам муносиб ўрнига эга бўлишини таъминлайди. 

Айни пайтда маҳсулотни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистонга етказиб бериш учун шартномалар имзоланмоқда. 
 

Top