2025 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларига киритилган янги ўзгаришларга кўра, мопед ва скутерлар учун ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш тартиби ўзгарди. Эндиликда улар учун рўйхатдан ўтиш, имтиҳон топшириш ва алоҳида “A1” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилади. Батафсил бу ерда — Kun.uz.

Ушбу мақола орқали ҳайдовчилик гувоҳномасини қандай олиш, қандай ҳужжатлар керак бўлиши ва ўқишдан гувоҳнома олишгача бўлган жараён неча пулга тушиши ҳақида маълумот берамиз.

Мопед ва скутерлар учун янги қоидалар

2025 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистонда мопед ва скутер эгаларига оид янгиланган йўл ҳаракати қоидалари кучга кирди. Эндиликда бу транспорт воситалари давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт, уларни бошқариш учун эса «A» ёки «A1» тоифасидаги ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилади.

Илгари мопед ва скутерлар велосипедга тенглаштирилган ва уларни рўйхатдан ўтказиш ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб қилинмаган. Энди уларга тўлақонли мототранспорт воситаси мақоми берилди ва мотоцикллар билан бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлди. Маъмурий жавобгарлик кодексига киритилган янги тузатишларга кўра, ҳайдовчиларга (жумладан мототранспортда) йўлаклар, пиёдалар ва велосипед йўлакларида ҳаракатланиш тақиқланади.

Батафсил маълумот бу ерда — lex.uz

Мопед, скутер ва мотоциклнинг фарқи

Ўзбекистонда мопед, скутер ва мотоцикллар «мототранспорт» тушунчаси остида бирлаштирилади. Улар орасида тезлик, двигател қуввати ва рўйхатдан ўтказиш талаблари бўйича фарқлар мавжуд.

Ўзбекистонда мопед ва скутерларни бошқариш учун «A» ёки «A1» тоифасидаги ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб қилинади.