Жаҳон | 19:09 / 02.10.2017
11443
2 дақиқада ўқилади

Биологик соатлар тиббиёт соҳасидаги Нобель мукофотига лойиқ деб топилди

Фото: Reuters/Jayanta Shaw

Жеффри Холл, Майкл Розбаш ва Майкл Янг 2017 йилда циркад ритмларга масъул молекуляр механизмлар тадқиқотлари - 24 соатлик биологик соатлари учун Тиббиёт ва физиология бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлишди. Reuters шу ҳақида хабар берди. 

Циркад ритмлар кун ва тун алмашинуви билан боғлиқ турли биологик жараёнлар циклларидан иборат. 1984 йилда Бостондаги Брандейс университетида таълим олаётган Холл ва Розбаш, шунингдек Нью-Йоркдаги Рокфеллер университетидан Янг мева чивинлари билан ишлаб туриб, биологик соатларнинг йўналишини белгилаб берувчи period генини аниқлашди. У организмда туни бўйи йиғилиб, кундузи парчаланадиган PER оқсилини кодлайди. Шу тариқа, оқсил даражаси 24 соатлик цикл давомида янгиланиб туради. 

Олимлар PER оқсили period гени фаоллигини ингибициялайди дея тахмин қилишди. Бу механизмда иккинчи ген — TIM оқсилини кодловчи timeless иштирок этади. У PER билан боғланади ва ҳосил бўлган комплекс ҳужайра ядросига тушади ҳамда тегишли ДНКни блоклайди. PER деградацияси учун Майкл Янг томонидан аниқланган doubletime гени билан кодланувчи DBT оқсили масъул.

Анъанага кўра, 2017 йилнинг 10 декабрида, Альфред Нобелнинг ўлими кунида Стокҳольмда расмий мукофотлаш маросими бўлиб ўтади. Совриндорларга мукофотни Швеция қироли Карл XVI Густав топширади. Бу йил пул мукофоти суммаси бир миллион долларга яқинни ташкил қилади (тиббиёт ва физиология бўйича мукофотнинг барча совриндорларига).

Мавзуга оид