Сергей Лавров Россия Марказий Осиёдан нималар истаётганини сўзлаб берди
Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўзининг «Российская газета»нинг чоршанба кунги сонида босилган, РФ ва минтақа давлатлари билан дипломатик алоқа ўрнатилганлигининг 25 йиллигига бағишланган «Россия-Марказий Осиё: вақт синовидан ўтган ҳамкорлик» мақоласида Россиянинг Марказий Осиё минтақаси билан ҳамкорлиги ҳақида сўзлаб берган. Ушбу мақолани қисқартирилган ҳолда эътиборингизга ҳавола этамиз.
Юбилей — чорак аср йўл босилганидан сўнг сарҳисоб қилиш, келажак учун режалар қуриш учун яхши баҳона. Давлатларимиз жамоатчилигига маълум қилишимиз керак бўлган нарсалар кўп. Россия Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан иттифоқчилик ва стратегик шерикчилик муносабатларини ўрнатган.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан салмоқли шартномавий-ҳуқуқий база яратилди, ишончга асосланган сиёсий мулоқот, шу жумладан, олий даражада ўрнатилди, умуман олганда, яқин ва кўпқиррали ҳамкорлик таъминланди. Бу ишларда муҳим таянч бўлиб бизни боғлаб турган географик яқинлик, умумий тарих, инсонларимиз тақдирларининг чамбарчасилиги хизмат қилмоқда.
Давлатларимиз чуқур тузилмага эга савдо-иқтисодий алоқаларни қўллаб-қувватлаб туришибди. Россия инвестицияларининг ҳажми 20 млрд. доллардан ошган. Марказий Осиёда 7,5 мингдан зиёд Россиянинг ва у иштирокидаги қўшма корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Катта миқдордаги маблағ (2013–2016 йилларда 37 млрд. доллардан зиёд) минтақа мамлакатлари фуқаролари томонидан уларнинг Россиядаги фаолияти туфайли келиб тушмоқда.
Қирғизистон (488 млн. доллар) ва Ўзбекистон (865 млн. доллар) қарзларидан кечилди. Нефть ва нефть маҳсулотларини божсиз етказиш кўринишида мадад кўрсатилмоқда. Россияда айни пайтда 150 мингдан ортиқ марказий осиёлик талабалар ўқишмоқда. Уларнинг 46 мингдан ортиғи Россия федерал бюджетидан стипендия олишмоқда.
Тожикистоннинг БМТ Бош ассамблеяси томонидан маъқулланган ва 2018 йилдан 2028 йилгача бўлган даврни «Барқарор ривожланиш учун сув» ўн йиллиги ташаббуси жаҳонда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш муаммоларига бағишланган. 10–11 ноябрь кунлари Самарқандда минтақавий хавфсизлик масалаларига бағишланган «Марказий Осиё: бир ўтмиш ва умумий келажак. Барқарор ривожланиш ва биргаликдаги фаровонлик учун ҳамкорлик» юқори даражадаги анжумани бўлиб ўтиши мўлжалланмоқда.
Сўнгги 25 йил тажрибаси постсовет ҳудудида изчил интеграцион яқинлашиш билан боғлиқ устунликларни яққол кўрсатиб берди.
Тенгҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат, бир бирининг манфаатларини ҳисобга олишга асосланган муносабатларимиз келажагига оптимизм билан қараймиз. Ишончим комилки, уларни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш фуқароларимизнинг асл манфаатларига жавоб беради ва тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш учун хизмат қилади.
Россияда минтақа мамлакатларини фаровон, кенг ҳамкорлик учун очиқ кўришни сидқидилдан исташади. Фурсатдан фойдаланиб, Марказий Осиё давлатлари халқларига бахт, фаровонлик ва хотиржамлик тилайман, деган Сергей Лавров ўз мақоласида.
Мавзуга оид
17:25 / 15.11.2024
2050 йилга бориб Марказий Осиё музликларининг учдан бир қисми эриб кетиши мумкин
14:01 / 15.11.2024
Лавров самолётига хорижда ёнилғи қуйишдан бош тортишаётганидан шикоят қилди
17:42 / 14.11.2024
Марказий Осиё табиий офатлар туфайли ялпи ички маҳсулотининг 6 фоизини йўқотиши хавфи бор
20:54 / 11.11.2024