Андижонда 120 нафар профилактика инспекторига хизмат уйлари ва шахсий автомашиналар топширилди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси томонидан жорий йилнинг 7 октябрь куни Андижон шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур боғида Андижон вилояти ИИБ ички ишлар органлари таянч пунктларининг 120 нафар профилактика инспекторларини қасамёдга келтириш, уларга хизмат уйлари ва имтиёзли равишда берилаётган шахсий автомашиналар калитини тантанали топшириш маросими ўтказилди. Бу ҳақда KUN.UZ’га Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси Бош бошқармаси хабар берди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати аъзолари, давлат бошқарув органлари ва вилоят ҳокимлиги раҳбарлари ҳамда жамоатчилик вакиллари, профилактика инспекторларининг ота-оналари, оила аъзолари иштирок этишди.
Дунёда инсоннинг ҳаётидан, унинг тинчлигидан ҳам азизроқ, муҳимроқ нарса бўлмаса керак. Бугунги даврда ички ишлар органлари ходимлари, айниқса, профилактика инспекторлари ватан келажаги ва истиқболи учун дахлдорлик ҳисси билан яшаши, юртига фидоийларча хизмат қилиб, ўз қасамёдига содиқ қолган ҳолда жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Халқнинг дардини, ҳар бир инсонни қийнаётган ва ташвишга солаётган муаммоларни биринчи навбатда ким тинглайди, албатта, ички ишлар органи ходими. Чунки нажот, тинчлик истаб инсон авваламбор унинг олдига шошади. Ана шундай дамларда ички ишлар органи ходими, айниқса, профилактика инспекторидан кучли сабр-тоқат, меҳр-оқибат, матонат, юксак маънавият талаб этилади.
Ана шу талабдан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 10 апрелдаги фармони асосида жойлардаги профилактика инспекторлари сони оширилиб, улар учун қулай шароитларга эга бўлган ички ишлар органлари таянч пунктлари ташкил этилди.
Шунингдек, профилактика инспекторлари нуфузини ошириш ва хизматни самарали ўташларини таъминлаш мақсадида зарур коммунал-маиший шароитларга эга бўлган, замон талаблари ва стандартларига тўла жавоб берадиган қулай хизмат уй-жойи билан таъминлаш мақсадида президентнинг 2017 йил 20 апрелдаги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор талаблари асосида профилактика инспекторларига ўзлари хизмат қилаётган ҳудуддан оила аъзолари билан яшашлари учун барча қулайликларга эга бўлган хизмат уйлари ажратилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 3 август кунидаги қарорига асосан узоқ муддатли имтиёзли кредит асосида шахсий автоуловлар олишлари учун шароит яратилди.
Андижон шаҳрининг Бобур ҳайкали олдида, эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлашдек шарафли, шу билан бирга масъулиятли хизматни ўташга қасамёд қилиш учун қад ростлаб турган навқирон, мард, жасур профилактика инспекторларни кўрган ҳар бир киши уларга ҳавас билан қараётгани аниқ. Бу эса профилактика инспекторларга ғурур ва ифтихор бағишлаши билан бирга, масъулиятларини ҳам оширади.
Мана шундай қувончли ва ҳаяжонли дамларда ички ишлар органларининг ҳар бир профилактика инспектори халқ ва президентга содиқ бўлишга мардонавор равишда қасамёд қилди. Умид қиламизки, улар зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этиб, эл-юрт тинчлиги, осойишталигини ҳимоя қилишдек муқаддас бурчни шараф билан адо этадилар.
Мавзуга оид
22:45 / 19.11.2024
Маданий мерос агентлиги Андижондаги Бобур ҳайкалини кўчириш бўйича тарқалган хабарларга муносабат билдирди
10:40 / 19.11.2024
Андижонда Бобур ҳайкалини кўчириб, ўрнига савдо мажмуаси, кўнгилочар марказлар қуриш режалаштирилмоқда
21:10 / 18.11.2024
Андижонда 1800 гектар ернинг тоифаси ўзгартирилиб, ишлаб чиқариш мажмуалари қурилади
11:09 / 08.11.2024