Россияга келмайдиган юлдузлар терма жамоаси. Бэйл ва яна 10 футболчи
Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланма олган терма жамоалар сони 23тани ташкил қилмоқда. Яна 9 йўлланма эгалари номаълум бўлиб турибди. Ҳали очиқ турган саволлар бўлишига қарамай ҳозирнинг ўзида бир қатор кучли терма жамоаларнинг мусобақада иштирок эта олмаслиги аниқ бўлди. Терма жамоалар ўз йўлига лекин бир қатор юлдуз футболчиларнинг ҳам иштирок этмаслиги маълум бўлди.
Tribuna.Uz футбол оламининг энг нуфузли турнирини ўтказиб юборадиган омадсиз юлдузлардан тузилган таркибни тақдим этди. Нима ҳам дердик, «Бойлар ҳам йиғлайди!»
ЯН ОБЛАК (Словения)
Словения терма жамоаси бор экан, таркибларимиз дарвозабонлардан ёлчийверади. Бу позициянинг доимий эгаси Самир Ҳанданович ўрнини «Атлетико» посбонига бўшатиб бермоқда.
Ҳозирда дунёнинг энг талабгор дарвозабонларидан бири бўлиб турган Ян Облак саралаш баҳсларида Словениянинг гол ўтказиш борасида рақибларидан кам бўлмаслигини таъминлай олди, аммо словенияликларда доимо тўпурарлардан муаммо бор. Натижада Катанец шогирдлари Словакия ва Шотландия билан рақобатда мағлуб бўлдилар.
АНТОНИО ВАЛЕНСИЯ (Эквадор)
«Манчестер Юнайтед» сардори, Англия Премьер Лигасининг энг яхши ўнг қанот ҳимоячиларидан бири. Эквадор терма жамоаси таркибида у кўпроқ яримҳимояда ўйнайди.
Жаҳон чемпионатига бориш имкониятини анча олдинроқ қўлдан чиқарган эквадорликлар сўнги турда Мессини олиб қолиб, ҳеч бўлмаса 2017 йилги шов-шувни амалга оширишлари мумкин эди. Эҳ, таркибимиз зўр бўларди-да, Месси билан...
СИЁД КОЛАШИНАЦ (Босния ва Герцеговина)
Ёшлар таркибида Германия терма жамоасида иштирок этган Сиёд ЖЧ-2014 да иштирок этиш учун курашаётган Боснияни танлаган эди. Ўша пайтда 21 ёшни қаршилаган Колашинац Бразилияда ўтган жаҳон чемпионатида иштирок этди ҳам.
Лекин айни кучга тўлиб, бунинг устига «Арсенал» таркибида ўзини кўрсатишни бошлаётган бир даврда Босния бу сафар мундиалга чиқа олмади. Греция билан сўнгги турларгача курашган болқонликлар оқибатда гуруҳда учинчи ўрин билан кифояланишди. Айниқса, Кипрдаги мағлубият Колашинац ва жамоадошларига қимматга тушди.
ВИРЖИЛ ВАН ДЕЙК (Нидерландия)
Ёз бўйи «Ливерпуль»га ҳимоячилар учун рекорд суммага трансфер бўлиши айтилган Виржил учун келаси ёз анча тинч ўтса керак. Нидерландия терма жамоаси қаторасига иккинчи марта йирик турнирдан четда қолмоқда.
Янги авлоднинг юлдуз ўйинчиларидан бири Ван Дейк учун эса, нархини янада ошириш имкони энди «Саутҳемптон» орқали юзага келади холос.
ДАВИД АЛАБА (Австрия)
Биз гўё анчадан бери биладиган Давид Алаба атиги 25 ёшга кирган. Аммо шу пайтгача у олти марта Австриянинг энг яхши ўйинчиси бўлишга улгурди, терма жамоа сардори ҳисобланади.
Охирги марта ЖЧ-1998 да финал босқичида иштирок этган Австрия терма жамоаси бу сафар ҳам гуруҳда омадсизликка учради. Сабаб эса аниқ, таркибда Алаба даражасидаги футболчиларнинг етарли эмаслигидир.
ААРОН РЭМЗИ (Уэльс)
Уэльс терма жамоасидаги икки топ-юлдузнинг бири. Сўнгги турдаги ҳал қилувчи учрашувда Гарет Бэйлнинг майдонга тушмаслиги аниқ бўлгач, барча эътибор Ааронга қаратилган, айнан у уэльсликларни олдинга бошлаши кутилганди. Сўнгги Европа чемпионатида у бу ишни яхши уддалаганди ҳам.
Аммо Уэльс Британия дербисида Ирландияни олдинга ўтказиб юборди. 26 ёшли футболчида кейинги чемпионатларда ҳам иштирок этиш имконияти бўлиши шубҳасиз.
АРТУРО ВИДАЛ (Чили)
Сўнгги икки Копа Америка ғолиби, ўтган йилги жаҳон чемпионатида кимсан Испания терма жамоасини доғда қолдирган Чили саралаш ўйинларида ҳатто бешинчи ўринни ҳам қўлга кирита олмади. Айниқса, сўнгги турда барча масалани ҳал қилган Бразилия бўлгани ҳам ноқулай. Гўёки кучли рақиб, аммо очко керак эмаслиги чалғитувчи омил ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан Чили сўнгги турда тўғридан-тўғри рақиби билан майдонга тушгани қулайроқ бўларди, балки.
Артуро бу терма жамоанинг етакчиларидан бири ҳисобланади ва балки унинг учун охирги имконият эди. 30 ёшли «Бавария» яримҳимоячиси Қатардаги чемпионатда қандай ҳолатда бўлишини тахмин қилса бўлар...
АРЬЕН РОББЕН
Мана шу рамзий таркибдаги ҳеч қайси футболчи жаҳон чемпионати қаҳрамонлигига Роббенчалик яқин келмаган. Касильяс билан яккама-якка вазият ҳалигача футболчининг тушига кириб чиқса ажаб эмас.
Олтин авлоднинг сўнгги вакилларидан бири, ҳеч қачон қаримайдиган Арьен Роббен терма жамоа сафидаги охирги ўйинида ҳам шведлар дарвозасини бирин кетин ишғол қилди. Аммо «поезд кетиб бўлган эди» – Роббен энди фақат мана шу омадсизлар жамоамиз чап қанотида жавлон уради.
АЛЕКСИС САНЧЕС (Чили)
«Арсенал»даги омадсиз мавсум, трансфер бозоридаги якунига етмаган музокаралар, мавҳум келажак... Санчес ростан ҳам бироз қийин даврни бошдан кечирмоқда, бунинг устига терма жамоадаги муваффақиятсизлик...
Ниҳоят энди, Санчес бўлажак жаҳон чемпионати ҳақида ортиқча қайғурмаслиги, бор эътиборини клуб футболидаги тақдирига қаратиши мумкин. Омад тилаймиз.
ГАРЕТ БЭЙЛ (Уэльс)
Пешонасига Райан Гиггз, Жорж Бест каби футболчиларнинг тақдири ёзилгани тахмин этилган ушбу футбол юлдузи жамоасини олдинга бошлаб, Европа Чемпионатида барчанинг эътиборига сазовор бўлган ва бундай фикрларни ўзгартириб юборганди.
Лекин Уэльс терма жамоаси «Реал» эмаски, жароҳатда ўтириб ҳам якунда Чемпионлар Лигаси финалида «уйғонгани», бу ер бошқачароқ, сал ўгирилдинг ҳамки, Ирлания терма жамоаси гол уриб ўтирибди ва сен энди мундиалдан ташқаридасан...
ПЬЕР-ЭМЕРИК ОБАМЕЯНГ (Габон)
Мана бу энди ҳақиқий маънода Жорж Веанинг издоши ва шундай бўлиб қолса керак.
Обамеянгдан ташқари, Лемина (Саутҳемптон), Эвуна (Кўняспор), Ндонг (Сандерленд) ва Европада тўп сурадиган яна бир неча футболчилар пайдо бўлгач, балки габонликлар мундиал орзусига берилишгандир. Аммо гуруҳда Марокаш ва Кот Д’Ивиуар каби «аждарҳолар» рақиб бўлгач, тақдирга тан берилди. Обамеянг эса, рамзий терма жамоада Эдин Джекони сиқиб чиқарди.
Бу таркиб билан нафақат ЖЧда иштирок этиш бемалол ғолиблик учун ҳам курашиш мумкин эди. Захирачи дейсизми? Захирада ҳам бир қатор юлдузлар борки, яна бир фаворит жамоа номига даъвогарлик қиладиган таркиб яратиш мумкин бўлади.
Захира таркиби: Петр Чех (Чех) – Дэрил Янмаат (Нидерландия), Эшли Уильямс (Уэльс), Гари Медель (Чили), Дэйли Блинд (Нидерландия) – Ҳоқон Чалхонўғлу (Туркия), Наби Кейта (Гвинея) – Марек Ҳамшик (Словакия), Генрих Мхитарян (Арманистон), Риёз Маҳрез (Жазоир) – Эдин Джеко (Босния ва Герцеговина).
Мавзуга оид
18:54 / 10.12.2019
ЖЧ-2018 мезбонлиги коррупция орқали қўлга киритилган бўлиши мумкин
08:19 / 04.12.2018
Инфантино G20 иштирокчиларига ЖЧ-2018 тўпларини совға қилди
12:53 / 09.11.2018
Роналдунинг ҳет-триги - энг ёқимли хотира. ЖЧ-2018нинг энг эсда қоларли лаҳзалари аниқланди
01:41 / 25.09.2018