Лондонда ФИФА 2018 йил якунларига кўра The Best FIFA Football Awards тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда йилнинг энг яхши футболчиси, мураббийи, дарвозабони ва бошқа совринлар ўз эгаларига топширилди. 

"Ливерпуль" ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳнинг Англия чемпионати доирасида "Эвертон" дарвозасига киритган голи ФИФА томонидан 2018 йилнинг энг чиройли голи деб топилди. 

Салоҳ 2009 йилдан буён топшириб келинадиган йилнинг энг чиройли гол учун тақдим этиладиган Ференц Пушкаш номидаги совринни қўлга киритди. 

Салоҳдан ташқари ушбу соврин учун Денис Черишев, Гарет Бэйл, Криштиану Роналду, Бенжамен Павар, Лионель Месси каби футболчилар курашган эди.

Франция терма жамоаси бош мураббийи Дидье Дешам 2018 йилнинг энг яхши мураббийи деб топилди. 

Франциялик мутахассис терма жамоа билан Россияда ўтказилган жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритди. Франция терма жамоаси ЖЧ чемпионати финалида Хорватия устидан 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. 

Ушбу соврин учун Дешам билан бир қаторда "Реал Мадрид"нинг собиқ бош мураббийи Зинедин Зидан ҳамда Хорватия терма жамоаси бош мураббийи Златко Далич даъвогарлик қилган эди.

Йилнинг энг яхши дарвозабони учун топшириладиган совринга Бельгия терма жамоаси ҳамда "Реал Мадрид" дарвозабони Тибо Куртуа муносиб топилди. 

Бельгиялик дарвозабон ушбу соврин учун курашда Уго Льорис (Франция, "Тоттенҳэм")  ҳамда Каспер Шмейхельни (Дания, "Лестер") ортда қолдирди. .

2018 йилги жаҳон чемпионатида Куртуа Бельгия терма жамоаси билан бронза медалларини қўлга киритган эди.