Жамият | 09:30 / 11.10.2017
8943
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ: семизликдан азият чекаётган болалар ва ўсмирлар сони 124 миллионга етди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 11 октябрда чоп этган тадқиқотида маълум қилинишича, семизликдан азият чекувчи болалар ва ўсмирлар сони 40 йил ичида 11 маротаба кўпайиб, 2016 йилда 124 млн кишига етди.

Тадқиқот Лондон империя коллежи мутахассислари билан ўтказилди ва 40 йил ичидаги энг катта кўламлиси бўлди. Олинган маълумотларга кўра, бутун дунё бўйлаб семизликдан азият чекувчи болалар ва ўсмирлар сони 1975 йилги 11 млн дан 2016 йилда 124 млн гача етган. Катталар бўйича статистика ҳам ҳавас қилза арзигудек эмас: семизлиқдан азият чекувчи катталар сони 1975 йилги 100 млн дан 2016 йилда 671 млн га етди. Яна 1,3 млрд киши ортиқча вазндан азият чекади, бироқ ҳали семизлик чегарасидан ўтмаган.

Тадқиқот муаллифи Мажид Иззатийнинг айтишича, семиз одамлар сони аҳоли жон бошига даромад паст ва ўрта бўлган давлатларда кўпаймоқда.  

"Бу хавотирли тенденциялар ночор оилаларга соғлом озиқ-овқат жуда қимматлик қиладиган озиқ-овқат маркетинги ва давлатларнинг озиқ-овқат борасидаги сиёсати одамларга қандай таъсир қилишини кўрсатади. Ушбу ҳолат семизликдан азият чекувчи ва қанд касаллиги каби касалликларга дуч  келиши мумкин бўлган болалар ва ўсмирларнинг бутун бир авлоди вужудга келишини назарда тутади", деб айтди Иззатий. 

ЖССТ мутахассиси Леанни Райлининг фикрича, семизликка қарши курашишнинг вариантларидан бири чекишга қарши кураш дастурларига ўхшаш сиёсат юритиш бўлиши мумкин. Жумладан, аҳолига озиқ-овқатлар хусусиятлари ва уларнинг вазн тўплашга таъсир қилиши ҳақида маълумот бериш, соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш ва арзон, юқори калорияли, кўплаб ишловларга учраган озиқ-овқатни истеъмол қилишни камайтириш тарғиботи бунда кўмак беради. Шунингдек, кўкрак сути билан овқатлантиришда зарур бўлган тўғри овқатланиш принципларини тушунтиришга катта эътибор қаратиш лозим, чунки кўкрак билан эмизиш ва болалардаги семизлик ўртасида кучли боғлиқлик борлиги исботланган.

Мавзуга оид