Жаҳон | 22:07 / 26.02.2026
646
2 дақиқада ўқилади

Хитойда аҳолининг семизлиги туфайли «шакар солиғи»ни жорий этиш таклиф қилинди

Бундай солиқ нафақат бюджетга даромад келтириши, балки шакарни кўп истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлган семизлик, диабет ва бошқа касалликлар хавфини камайтириши мумкин.

Фото: iStock

Хитой сиёсатчилари таркибида шакар миқдори юқори бўлган ичимликларга қўшимча солиқ жорий этишни муҳокама қилмоқда. Бундай солиқ нафақат бюджет масалаларини ҳал қилишга ёрдам беради, балки шакарни ортиқча истеъмол қилиш билан боғлиқ аҳоли саломатлиги учун салбий оқибатларни камайтиради. Бу ҳақда муҳокама жараёнидан хабардор манбаларга таяниб, Financial Times хабар берди.

Нашрнинг таъкидлашича, Хитой шакарли ичимликларга миллий солиқ солинмайдиган кам сонли йирик иқтисодиётлардан бири бўлиб қолмоқда, 116 дан ортиқ мамлакат аллақачон бундай чораларни жорий этган.

Кўриб чиқилаётган ширин ичимликлар солиғи нафақат бюджетга даромад келтириши, балки шакарни кўп истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлган семизлик, диабет ва бошқа касалликлар хавфини камайтириш орқали истеъмолга таъсир қилиши мумкин.

Пекин университети ва Хитой ижтимоий фанлар академиясининг тадқиқотига кўра, 20 фоизлик солиқ ўн минглаб эрта ўлимнинг олдини олиши мумкин.

2025 йил июль ойида ЖССТ барча мамлакатларни 2035 йилга бориб нархларни 50 фоизга ошириш учун ширин ичимликлар чакана нархининг камида 20 фоизи миқдорида солиқ жорий этишга чақирди.

Хитойда 2025 йилда эълон қилинган овқатланиш бўйича сўнгги тавсияларга кўра, 2030 йилга бориб, шакарнинг ўртача кунлик истеъмоли киши бошига 25 граммгача камайтирилиши керак. Хитой расмийларининг ҳисоб-китобларига кўра, ҳозир ўртача кунлик истеъмол бир киши учун 30 граммни ташкил қилади.

The Washington Post маълумотларига кўра, 2025 йилда Хитойнинг катта ёшли аҳолиси ярмидан кўпи ортиқча вазнга эга бўлган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид