Ўзбекистон | 09:16 / 19.11.2025
1465
3 дақиқада ўқилади

АҚШ элчихонаси семизлик визани рад этиш учун асос бўла олмаслигини маълум қилди

Сўнгги кунларда ОАВда «семизлик ва сурункали касалликка чалинганлик АҚШ визасини рад этишга сабаб бўлиши мумкин» деган хабарлар тарқалди. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси расмий баёнот бериб, семизлик визани рад этиш учун автоматик асос эмаслигини, қоидалар ўзгармаганини ва ҳар бир ариза алоҳида тарзда кўриб чиқилиши таъкидлади.

Фото: Shutterstock

Ўтган ҳафта оммавий ахборот воситаларида АҚШ виза сиёсатида гўё ўзгаришлар бўлаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Айрим нашрлар семизлик ва сурункали касалликлар АҚШ визасини беришни рад этиш учун асос бўлиши мумкин, деган мазмундаги маълумотларни тарқатди.

Маълум қилинишича, жорий йил 6 ноябр куни KFF Health News нашри АҚШ Давлат департаментининг консуллик муассасаларига юборилган ички хизмат ҳужжати ҳақида материал эълон қилган. Унда сурункали касалликларнинг турли кўринишларини, жумладан юрак-қон томир касалликлари, диабет, саратон ва семиришни инобатга олиш тавсия этилган.

АҚШ қонунчилигида «жамоат тўлови» атамаси давлат ёрдамига, нафақа ёки тиббий хизматга қарам бўлиб қолиш эҳтимоли юқори бўлган шахсга нисбатан қўлланади. The Washington Post нашри ҳам ушбу ҳужжатга эътибор қаратган ҳолда, консуллик ходимларига мезонларни кенгроқ талқин қилиш бўйича ички кўрсатмалар берилганини қайд этди. Шу билан бирга, экспертлар бу қонунчиликдаги эмас, балки ички услубий кўрсатма эканини таъкидлади.

Қатор ОАВ халқаро нашрлардаги материалларни нотўғри тарзда талқин қилиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси “Дунё” АА сўровига жавобан мазкур талқинлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини кўрсатди. Расмий маълумотга кўра, B тоифадаги касалликлар рўйхати ўзгармаган, виза бериш тўғрисидаги қарор эса талабгорнинг аризаси ва маълумотларига комплекс баҳо бериш асосида қабул қилинади.

Элчихона таъкидлашича, АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) кўрсатмалари ва Ташқи ишлар бўйича қўлланма (FAM) қоидаларига мувофиқ, семизлик визани автоматик рад этиш ёки шахсни мамлакатга киришга яроқсиз, деб топиш учун асос бўладиган касалликлар рўйхатига киритилмаган.

B тоифали ҳолат — тиббий меъёрдан четга чиқиш бўлиб, у даъвогарнинг ўзини парвариш қилиши, ўқиш ёки ишлашга тўсқинлик қилиши, келгусида жиддий даволаниш ёки касалхонага ётқизишни талаб қилиши мумкин. Бироқ, семизликнинг ўзи автоматик рад этиш сабаблари қаторига кирмайди.

Элчихона маълумотига кўра, виза расмийлаштиришда тиббий кўриклар, аввало, жамоат учун хавф туғдирадиган юқумли касалликларни аниқлаш, шунингдек, атрофдагилар учун бевосита хавф туғдириши мумкин бўлган руҳий ва жисмоний ҳолатларни баҳолашга қаратилган.

Дипломатик ваколатхона вакиллари амалдаги қоидага кўра, иммиграция визаси талабгорлари АҚШда яшаш ва зарурат бўлса, даволаниш харажатларини америкалик солиқ тўловчилар ҳисобига эмас, ўз ҳисобидан қоплай олишига ишонч ҳосил қилиш муҳим эканини қайд этди.

АҚШ элчихонаси семизлик визани рад этиш учун автоматик асос эмаслигини, ҳеч қандай расмий “семизларга виза йўқ” тартиби жорий этилмаганини ва ҳар бир ариза бериш ҳолати индивидуал тарзда кўриб чиқилишини расман маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид